2017-08-28 11:02:00

ЖУРНАЛИСТЛАР УЧУН МАТБУОТ АНЖУМАНИ

Самарқандда “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивали матбуот маркази томонидан маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари А.Умаров, Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Раҳимов ва бошқалар бу йил ўн биринчи бор ўтказилаётган фестивалга тайёргарлик жараёни, қатнашчиларни кутиб олиш ва улар иштирокидаги маданий дастурлар, илмий-назарий конференция ҳақида маълумот берди. 

Таъкидландики, бугунги кунда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали жаҳон миқёсидаги нуфузли санъат анжуманига айланди. Унда иштирок этиш истагида бўлган санъаткорлар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда. Шу пайтгача ўтказилган фестивалларда дунёнинг 103 давлати ҳамда 4 халқаро ташкилот вакиллари қатнашди. 

– Бу йил 100 дан ортиқ давлат вакиллари фестивалда иштирок этиш истагини билдирган бўлса-да, нуфузли ҳайъат томонидан 60 га яқин давлат вакиллари сараланди, – дейди “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали дирекцияси раҳбари Т.Холиқов. – Тадбир қатнашчиларининг деярли барчаси, 250 дан ортиқ иштирокчи Самарқандга етиб келди. Улар тантанали кутиб олиниб, меҳмонхоналарга жойлаштирилди. Кечадан фестиваль дастуридан ўрин олган тадбирлар ҳам бошланди. Меҳмонлар Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳатлар, маданий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувларда қатнашмоқда. Регистон майдонидаги асосий саҳнада 40 га яқин жамоа навбатма-навбат ўз дастурини намойиш этмоқда. 

Фестиваль иштирокчиларининг Регистон майдонидаги чиқишлари Самарқанд вилояти телерадиокомпанияси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилмоқда. Самарқанд шаҳри аҳолиси ва меҳмонларга қулайлик яратиш мақсадида шаҳарнинг 6 жойида улкан мониторлар ўрнатилиб, асосий саҳнадаги чиқишлар тўғридан-тўғри намойиш этилмоқда. 

Фестивални 20 га яқин хорижий ва 200 дан зиёд маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари ёритиб бормоқда. Тантанали очилиш маросимини 60 га яқин давлатга тўғридан-тўғри узатиш режалаштирилган. 

26 август куни фестиваль доирасида “Шарқ халқлари мусиқа маданиятида миллий анъаналарнинг шаклланиши ва ривожланиши” мавзусида илмий конференция ўз ишини бошлади. Унда 20 дан ортиқ давлатдан етакчи мусиқашунослар, олимлар, маданият ва санъат арбоблари иштирок этмоқда. 

Матбуот анжуманида 2018 йилдан бошлаб Шаҳрисабз шаҳрида “Шарқ тароналари” сингари халқаро мақом фестивали ўтказиш режалаштирилаётгани маълум қилинди. Мазкур танлов ҳам Шарқ халқлари миллий мусиқа меросини ўрганиш ва уни жаҳон миқёсида тарғиб этишга хизмат қилиши таъкидланди. 

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди. 

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА