2017-08-28 13:11:00

“АДОЛАТЛИ ҚАЙНОНА” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ РЕСПУБЛИКА БОСҚИЧИ БЎЛИБ ЎТДИ

Пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида маданий-маърифий тадбир ўтказилди.

 Она-юртимиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги барча туман, шаҳарлардан ташриф буюрган партия фаоллари, партиянинг “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблари, “Ёш адолатчилар” қаноти ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда эътироф этилганидек, Мустақиллик йилларида Ўзбекистон эришган ютуқлардан энг асосийси — юртдаги тинчлик ва барқарорликдир. Фуқаролар барча соҳалардаги ҳақ-ҳуқуқлари қонун ҳимоясида экани, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси, миллати, тили, дини, ирқидан қатъи назар, шу юртда қадр-қиммат топаётганини тўла ҳис қилмоқда. Жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан халқимиз келажакка бўлган ишонч ва ғурур-ифтихор туймоқда.

Тадбирда сўз олганлар энг бебаҳо неъмат —истиқлол халқимизнинг миллий манфаатлари, орзу-истакларининг ушалиши ҳамда тинч-тотув ва фаровон яшашида муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, ажримларнинг олдини олиш, никоҳнинг муқаддаслигини ёшлар онгига сингдириш, қайнона ва келин муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида таъсис этилган “Адолатли қайнона” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур кўрик-танловнинг энг қуйи босқичлари маҳаллаларда ўтказилиб, унда фарзандлар, набиралар тарбияси, келинларга бўлган ўзбекона муносабатда бошқаларга ибрат бўлиб келаётган минг нафардан зиёд онахонлар иштирок этишди. Улар орасида туман, шаҳар ва вилоят босқичларида ғолиб бўлган иштирокчилар ўз ҳудудларидаги энг “Адолатли қайнона” сифатида Мустақиллик байрами муносабати билан тақдирлаш учун пойтахтга таклиф этилди. Кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида ғолиб бўлган “Адолатли қайнона”лар орасида ҳатто 77 ёшли онахон ҳам борлиги танловга қизиқиш жуда юқори бўлганлигидан далолат беради.

Шундай қилиб, тақдирлаш маросимида кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ваТошкент шаҳар босқичи ғолибларига партия Сиёсий Кенгашининг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Уларнинг ҳаётий тажрибаси, оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлашда тутган роли ўрнак ва намуна бўла олиши эътироф этилди.

Тадбирда ёш ижодкор ва санъаткорлар томонидан ижро этилган мустақиллик, она Ватан, тинчликни мадҳ этувчи шеър, куй ва қўшиқлар ҳамда бадиий жамоаларнинг чиқишлари кўнгилларга байрамона кайфият бағишлади.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”