2017-08-30 12:00:00

ПАРЛАМЕНТ КОМИССИЯСИ ЙИҒИЛИШИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. 

Парламент комиссияси раиси А.Саидов ва бошқалар мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари лойиҳа ва дастурларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини янада кенгайтириш жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга. 

Парламент комиссияси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди эълон қилган давлат грантининг учинчи ва тўртинчи танловларига нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларидан келиб тушган 11,2 миллиард сўмлик 457 лойиҳани кўриб чиқди ҳамда муҳокама қилди. 

Муҳокамалар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 93 лойиҳаси танловларда ғолиб бўлгани маълум қилинди. Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига мазкур лойиҳаларни давлат грантлари шаклида қўллаб-қувватлаш мақсадида республика бюджети маблағлари ҳисобидан 2 миллиард 250 миллион сўм миқдорида молиялаштириш вазифаси топширилди. 

Йиғилишда давлат грантлари қўшимча танловларини ташкил этиш орқали нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг лойиҳаларини молиялаштириш кўламини кенгайтириш мақсадида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 700 миллион сўм қўшимча маблағлар ажратилишига қарор қилинди. 

Мазкур маблағлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг турли бўғинлари билан биргаликда аҳолининг ижтимоий кўмакка эҳтиёжманд қатламлари, биринчи навбатда ёшларнинг, аёлларнинг, кекса ёшдаги кишиларнинг долзарб муаммоларини ҳал қилишга қаратилган қўшма режаларни, дастурларни ва бошқа тадбирларни амалга оширишга, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга, оила институтини мустаҳкамлашга, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашга кўмаклашувчи комплекс амалий тадбирларни амалга оширишга йўналтирилиши белгиланди. 

Ўзбекистонда миллатлараро тинчлик ва фуқаролар ўртасидаги тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстлик муҳитини таъминлашга ва мустаҳкамлашга қаратилган ННТ ва фуқаролик жамияти институтларининг лойиҳа ва дастурларини қўллаб-қувватлаш йўналишида ҳам давлат гранти ажратиш бўйича танлов ўтказилиши белгиланди. 

Йиғилишда жорий йилда қўллаб-қувватланган давлат ижтимоий буюртмаларининг ижро этилиши, уларнинг Ҳаракатлар стратегиясини ва “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини рўёбга чиқаришдаги самарасини юксалтириш, ижро назоратини таъминлаш, мониторингини ташкил этиш борасидаги вазифалар белгиланди. 

Даврон Суннатов, ЎзА