2017-08-30 09:39:00

ОЛТИ НАФАР БОКСЧИМИЗ ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИНИНГ ЯРИМ ФИНАЛИДА

Германиянинг Гамбург шаҳри мезбонлик қилаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида 6 нафар Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жаҳон чемпионатининг ярим финалига чиқди.

Жумладан, Ҳасанбой Дўсматов вазни 49 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги чорак финал беллашувида ҳиндистонлик Амит Пангал билан куч синашди. Боксчимиз рингда ишончли ҳаракат қилиб, рақибидан очколар ҳисобида устун келди ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. 

Бокс бўйича терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Жасурбек Латипов вазни 52 килограммгача бўлган спортчилар ўртасидаги чорак финал баҳсида колумбиялик Сейбер Авилани мағлубиятга учратиб, медаллар учун курашни давом эттирадиган бўлди. 

Жаҳон чемпионатида боксчимиз Иқболжон Холдоров ҳам чорак финалда ғалаба қозонди. 

Вазни 64 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги беллашувларда қатнашаётган Иқболжон ярим финал йўлланмаси учун кечган баҳсда мезбонлар вакили Артём Арутюнянни мағлубиятга учратди. 

Олимпия ўйинлари совриндори Шаҳрам Ғиёсов эса нуфузли чемпионатнинг вазни 69 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги беллашувларида иштирок этиб, чорак финалда англиялик Пэт МакКормакни мағлубиятга учратиб, медаллар учун курашни давом эттирадиган бўлди. 

Дунёнинг етакчи боксчиларидан бири, Олимпия ўйинлари совриндори Бектемир Мелиқўзиев ҳам Германиядаги жаҳон чемпионатининг ярим финалига чиқди. 

Яна бир ҳамюртимиз Бектемир Мелиқўзиев (81 кг.) чорак финал баҳсида қозоғистонлик Ерик Алжанов билан куч синашди. Бектемирнинг кучли ва аниқ зарбалари рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади. 

Шунингдек, 91 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги боксчилар беллашувида қатнашаётган Санжар Турсунов чорак финалда голландиялик Рой Корвингни мағлубиятга учратиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди. 

Шундай қилиб, ярим финалга етиб келган Ҳасанбой Дўсматов, Жасурбек Латипов, Иқболжон Холдоров, Шаҳрам Ғиёсов, Бектемир Мелиқўзиев ва Санжар Турсунов жаҳон чемпионатининг камида бронза медалини нақд қилишди.

Эслатиб ўтамиз,  ярим финал баҳслари 31 август ва 1 сентябрь кунлари ўтказилади.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”