2017-08-30 13:00:00

ФЕСТИВАЛЬ ДУНЁ ХАЛҚЛАРИНИ БИРЛАШТИРМОҚДА

Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Шарқ тароналари” XI халқаро мусиқа фестивали ҳал қилувчи паллага кирди. Иштирокчилар фестиваль учун тайёрлаб келган мусиқий дастурларини намойиш этмоқда.

Ставерис Ленцерис Анастасиос, “Entopia” жамоаси аъзоси (Греция): 

– “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида иштирок этиб, ўзим учун бутун умрга татигулик таассурот олмоқдаман. Мазкур фестиваль турли мамлакатлар ва халқларнинг мусиқа санъатидан баҳраманд бўлиш имконияти мавжудлиги билан дунёдаги энг нуфузли танловлардан бири эканига гувоҳ бўлдим. Анжуманнинг барча тадбирлари юксак даражада ташкил этилган, иштирокчилар, меҳмонлар учун зарур шароит яратилган. Кўҳна ва навқирон Самарқанд таърифу тавсиф қилганларича бор экан: ҳаммаёқ озода, байрам сурури, фестиваль шукуҳи ҳар бир қадамда намоён. 

Катта тантана билан нишонланган фестивалнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев дунёда қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган бугунги мураккаб замонда миллионлаб одамларни ҳеч қандай таржимонсиз дўст қиладиган, улар ўртасида ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлайдиган мусиқа санъатининг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Бу бежиз эмас. Фестивалда кўплаб мамлакат мусиқачилари билан дўстлашдик. Мусиқа санъатини ривожлантириш бўйича ўзаро фикр алмашдик. Нуфузли халқаро мусиқа анжуманлари шундай муносабатнинг мустаҳкамланишида қўл келади. Улар орасида “Шарқ тароналари” алоҳида ўрин тутади. Дунё таниган қўшиқчиларнинг иштирок этиши фестивалнинг нуфузи қанчалар юксак эканидан далолатдир. 

Паромита Мукержи, “Ruchira Panda” жамоаси аъзоси (Ҳиндистон): 

– Ижодий гуруҳимиз билан нуфузли фестивалларда кўп бор иштирок этганмиз. Бироқ Ўзбекистонда ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган "Шарқ тароналари" фестивалида қатнашиш насиб этмаганди. Шу боис бироз ҳаяжонланаяпмиз. Мамлакатингиз, хусусан, Самарқанд инсон умри давомида ҳеч бўлмаганда бир бориб кўриш шарт бўлган дунёнинг энг қимматли шаҳарларидан дейилиши бежиз эмас экан. Фестиваль бизга ана шу беқиёс имкониятни туҳфа этганидан беҳад хурсандмиз. 

Фестивалнинг тантанали очилиш маросимида Президент Шавкат Мирзиёевнинг маърузасини эътибор билан тингладик. Давлатингиз раҳбари “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали ўзининг бетакрор руҳи ва қиёфаси билан қисқа муддатда юксак даражага эришганини таъкидлади. Чиндан ҳам, бугун “Шарқ тароналари” фақат мусиқа байрамигина эмас, балки бутун халқларнинг дўстлик байрамига айланган. 

Жеймс Шон Лойд, “Aven Celtica” жамоаси аъзоси (Буюк Британия):

– Менда “Шарқ тароналари”нинг тантанали очилиш маросими катта таассурот қолдирди. Ҳақиқий шарқона, агар айтиш мумкин бўлса, театрлаштирилган спектакль томоша қилгандек бўлдим. Муҳими, санъатнинг барча йўналиши акс эттирилган, дунё халқлари мусиқасига кенг ўрин берилган. Бу билан фестиваль фалсафаси, тинчлик ва дўстлик ғояси очиб берилди. 

Гўзал ва бетакрор мамлакатингизни, меҳмондўст халқингизни ва, албатта, турли халқларнинг дўстлик байрамига айланган “Шарқ тароналари”ни узоқ вақт ўзгача энтикиш билан эслаб юрамиз. 

Ана Фернандез, “La Banda Morisca” жамоасининг солисти (Испания):

– “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали Самарқанд шаҳрида ўтказилаётгани санъаткорларга ўзгача илҳом бағишламоқда. Қўшимча изланиш, ишлашга ундамоқда. 

Мусиқа анжуманида иштирок этиш, куйлаш билан бир қаторда турли мамлакатлардан келган кўплаб ижодий жамоаларнинг ижоди билан яқиндан танишиш, ўзаро фикр алмашиш, репертуаримизни уларнинг асарлари билан бойитиш имконига эга бўлаяпмиз. Машҳур созандалар, бастакору фольклор санъати усталарининг қатнашаётгани фестивалга қизиқиш дунё миқёсида тобора ортиб бораётганини кўрсатмоқда. 

Бекзод Ҳидоятов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА