2017-08-30 13:12:00

МУТАХАССИСЛАР ТАЙЁРЛАШ БЎЙИЧА ТАЖРИБА АЛМАШИШАДИ

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) ҳамда Тошкент кимё-технология институти (ТКТИ) билим ва тажрибаларини алмашиш орқали мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори Сарвар Бабаходжаев ва Тошкент кимё-технология институти ректори Шуҳрат Муталов ўзаро англашув тўғрисида меморандум имзолашди.

Меморандумни имзолаш маросими Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг биносида бўлиб ўтди. Тадбирда икки олий ўқув юртининг ходимлари ҳамда профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

Меморандум доирасида олий ўқув юртлари ўзаро илмий изланишлар ҳамда академик маълумотлар, материаллар ва мақолалар билан алмашишади.

Томонлар, шунингдек, иккита ўқув юртлари томонидан ташкил этиладиган турли семинар ва илмий кенгашларда иштирок этишади.

Маросим доирасида Тошкент кимё-технология институти маъмурияти ходимлари ҳамда профессор-ўқитувчилари Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг академик жараёни билан танишишди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”