2017-08-30 20:22:00

БАЙРАМ АРАФАСИДА МАҲАЛЛА МАРКАЗИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

Бугунги кунда дунёда ноёб ҳамда бетакрор тузилма дея эътироф этилаётган маҳалла институти юртимизда фуқаролик жамиятини барпо этишнинг асосий таянчи ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони  маҳаллалар равнақида янги уфқни очди. Бу институт бугун халқнинг энг яқин маслакдоши ҳамда кўмакдошига, чинакам таянчи ва суянчига айланмоқда.

Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилояти кенгашининг янги биноси қуриб битказилди. Куни кеча, яъни, энг улуғ, энг азиз айём — Ватанимиз мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрами арафасида ушбу бино фойдаланишга топширилди.

Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика ҳамда ҳудудий кенгашлар мутасаддилари, маҳалла фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Икки қаватли замонавий ва муҳташам бинонинг қурилиши ва жиҳозланишига жами 1 миллиард 122 миллион 526 минг сўм маблағ сарфланди. Бино ўзининг кўркамлиги, меъморий қиёфаси, замонавий шаҳарсозликнинг ўзига хос ва Самарқанд шаҳрига мос намунаси эканлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Бинонинг биринчи қаватида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд шаҳар кенгаши ижро аппарати ҳамда Ғиёсиддин Жамшид номидаги маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган.

Очилиш маросимида сўз олганлар ушбу бино Мустақиллик шодиёналари арафасида қад ростлагани байрамга муносиб туҳфа бўлганини, эндиликда  маҳалла тизимида хизмат қилаётган ходимларнинг фаолияти янада юксалишини алоҳида таъкидладилар.

Самарқанд вилоятида ҳар ойнинг охирги шанбаси “Маҳалла куни” деб эълон қилинган.Шу куни ҳудуддаги барча 1089 та маҳалла фуқаролар йиғинида кенгаш йиғилишлари ўтказилади. Давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарларининг  ҳисоботлари эшитилади. Айни пайтда вилоятда 1089 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда. Уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, маҳаллалар ҳаётини янги босқичга кўтаришда янги барпо этилган бино ишни янада енгиллаштиради. “Маслакдош, елкадош, рақобатдош” лойиҳаси асосида шаҳар ва туманларда ёнма-ён жойлашган иккита маҳалланинг ҳар жиҳатдан янада равнақ топтиришга ҳаракат қилиняпти.

Тадбир сўнгида муҳташам кошонани барпо этган қурувчиларга миннатдорлик билдирилиб, уларга совға-саломлар топширилди.

Очилиш маросимида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Шавкат Жавлонов иштирок этди.

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

“Туркистон-пресс”