2017-08-31 22:38:00

ЗАМОНАВИЙ МАҲАЛЛА: ТАШАББУСЛАР ВА ҚАДРИЯТЛАР БЕШИГИ

Маҳалла нима, унинг мазмун-моҳияти, аҳамияти-чи? Бугун ушбу тузилма қандай ҳуқуқий асос ва қонуний ваколатларга эга? Фуқаролар йиғини томонидан амалга оширилаётган ишлар нималардан иборат? Унинг фаолияти нималарда акс этади? Маҳалла аҳолининг энг яқин маслакдоши ва кўмакдошига айланяптими? Дунёда ўхшаши йўқ институт сифатида эътироф этилаётган ушбу маскан одамларнинг ишончини қозона оляптими?

Куни кеча Халқаро пресс-клубда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши иштирокида ўтказилган “Замонавий маҳалла: ташаббуслар ва қадриятлар бешиги” мавзусидаги анжуманда юқоридаги саволларга тизим мутасаддилари томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда маҳалла халқчил тузилма сифатида ўзини ҳар жабҳада фаол намоён этмоқда. Албатта, бундай самарадорликка эришишда Президентимиз Шавкат Мирзиеёвнинг шу йил 3 февралда қабул қилинган “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони янги уфқларни очишга имкон яратяпти.

Хабарингиз бор, мазкур ҳужжат билан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгашига юридик шахс мақоми берилди. Ўтган даврда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарларда тузилган кенгашлар Республика кенгаши таркибий тузилмалари сифатида ташкил этилди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан қатор хайрли ишлар амалга ошириляпти. Биргина жорий Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ўтган даври мобайнида ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оилалар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, якка-ёлғиз кексалар ва ногиронларнинг 26 минг нафардан зиёдига моддий ёрдам кўрсатилди. 700 та кам таъминланган оиланинг фарзандлари юртимиздаги 72 та сўлим оромгоҳларда ёзги таътилни мазмунли ва мароқли ўтказишди.

Анжуманда, шунингдек, фарзанд тарбиясида “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, бу борада қатор ютуқ ва натижалар қўлга киритилиши баробарида, муайян хато ва камчилар ҳам борлиги, бунинг олдини олиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

— Бугунги шиддаткор ахборот асрида ёшларни “оммавий маданият”нинг таҳдидларидан, диний экстремистик оқимлар таъсиридан асрашда барча, шу жумладан, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорликда ишласагина яхши натижага эришиш мумкин, — дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Азимжон Мирзажонов. — Бугунги анжуманда энг кўп эътибор қаратилган жиҳат — бу бевосита  ёшлар масаласи бўлди. Сўнгги пайтларда бот-бот қулоққа чалинаётган “уюшмаган ёшлар” ибораси, очиғи, кишини ўйга толдиради. Болалар мактабгача таълим муассасасида уюшса, умумтаълим мактабларида бирлашса, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида якдил бўлса, олий таълим муассасаларида ягона мақсад атрофида жипслашса, ўз-ўзидан “уюшмаган ёшлар” деган иборага ўрин қолмайди. Фарзандларимизга тўғри йўл кўрсатиб, уларнинг дарду ташвишларини тингласак, бу борада “Оила — маҳалла — таълим муаассасаси” ҳамкорлиги мустаҳкамланса, ёшларимиз баркамол бўлиб улғайишади. 

Тадбирда маҳалла фаоллари ҳамда имом-хатиблар томонидан адашиб турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолган фуқаролар билан тушунтириш-тарғибот тадбирлари ўтказилаётгани ўз самараларини бераётгани таъкидланди. Бунинг натижасида биргина Тошкент шаҳрида диний оқимлар бўйича рўйхатда турган ёшларнинг 80 фоизи ўзларининг хато йўлда эканликларини тушуниб етди.

Ёшлар бандлигини таъминлаш, спорт мусобақаларига кенг жалб этиш турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларнинг олдини олишда энг таъсирчан ҳамда самарали йўл ҳисобланади.

— Пойтахтимизда уюшмаган ёшлар учун  “Ёшлар клуби” фаолияти йўлга қўйилгани айни муддао бўди, — дейди Яшнобод туманидаги “Тонг” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Равшан Тўраев. — Бу клуб ёш авлодни бирлаштириш, улар билан очиқ мулоқотлар ўтказиш орқали фикри, қизиқиши ва интилишини ўрганиш, хоҳиш-истагини тинглаш, ишга киришига кўмаклашиш, турли маданий-маърифий ҳамда спорт тадбирларига кенг жалб этиш билан шуғулланади. Мазкур янгилик маҳалламиз ёшлари томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Ҳозир ушбу клубга йиғинимиздан 10 нафарга яқин ёш аъзо бўлди.Улар ишбилармонлар иштирокида семинар-тренингларда иштирок этиб, бизнес режалар тузишни ўрганишмоқда.

Яна бир янгилик: пойтахтимиздаги бир қатор маҳаллаларда жамоатчи кузатувчилар иш бошлади. Бу ишда ҳудудда истиқомат қилувчи ҳар бир фуқаро қатнашиши мумкин.Эътиборлиси шуки, жамоатчи кузатувчилар тунги вақтларда ташкилотчилар томонидан олиб берилган велосипедларда маҳалла бўйлаб айланиб, тинчлик ва хотиржамликни сақлашга ўзларининг ҳиссасини қўшади. Бу профилактика инспектори ишини анча ениллаштиради.

Анжуманда маҳалла тизимида қўлга киритилаётган ютуқлар билан бирга, ҳали талай муаммолар борлигига ҳам эътибор қаратилди. Масалан, фуқаролар йиғинлари қошидаги асосий йўналишлар бўйича комиссиялар аъзоларининг фаоллиги сезилмаяпти. Айрим комиссияларнинг аъзолари айнан нима билан шуғулланишини яхши билмайди. Шуни инобатга олиб, фуқаролар йиғинлари, маҳаллалар қошидаги комиссиялар фаолиятини кучайтириш мақсадида соатлик, кунлик, ҳафталик, ойлик ҳамда чораклик намунавий иш режалари ишлаб чиқилиб, жойларга етказиб берилди.

Туман ва шаҳарлардаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир бўлган маҳаллаларни 2017 йил якунига қадар комплекс ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси” дастури лойиҳаси тайёрланиб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

Тизимга оид берилган кўплаб саволлар анжуманнинг жонли, мунозараларга бой бўлишини таъминлади.

Толибжон НИЗОМОВ,

“Туркистон-пресс”