2017-08-31 22:40:00

ВАТАНГА СОДИҚЛИК АҲДИ

Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртида бошланаётган янги ўқув йилида ўқишга қабул қилинган курсантларнинг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди. 

Тадбирда олий ҳарбий таълим муассасаси шахсий таркиби, курсантлар ва уларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ўринбосари Д.Муратов, олий ҳарбий таълим муассасаси бошлиғи Ш.Мамажонов, Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи Э.Даминов ва бошқалар Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳа учун юқори малакали офицер кадрлар тайёрлашга қаратилаётган эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида 28 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бу борада муҳим вазифалар, чора-тадбирлар белгилаб берилди. 

Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти миллий армиямиз учун замонавий ҳарбий билим ва кўникмаларни пухта эгаллаган офицерлар тайёрловчи муассасалардан бири. Бу ерда курсантларнинг ҳарбий кўникмаларни пухта ўзлаштириши, стратегик фикрлайдиган мутахассис-кадрлар бўлиб етишиши учун барча шароит мавжуд. Ҳар йили олий ҳарбий таълим муассасасини битирган ёшлар Қуролли Кучларимиз сафида хизматни бошлаб, мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. 

– Ҳарбий бўлиш мактабда ўқиб юрган кезларимдаёқ қатъий мақсадга айланган эди, – дейди курсант Шоҳжаҳон Каримов. – Шу мақсад йўлида жисмонан ва маънан пухта тайёргарлик кўрдим. Олий ҳарбий таълим муассасасида ўқиш учун белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтиб, бугун курсант сифатида ҳарбий қасамёд қилганимдан хурсандман. Бу ерда ҳарбий билим ва кўникмаларни ўрганиб, ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлишни ўзим учун олий мақсад деб биламан. 

Тадбир давомида курсантларнинг кўргазмали чиқиши, ҳарбий оркестр ва шаҳар маданият бўлими хонандаларининг концерт дастури намойиш этилди. 

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА