2017-09-01 15:04:00

УЗЛУКСИЗ ТАЪЛИМ МАРКАЗИНИНГ 94 ФОИЗ ТИНГЛОВЧИЛАРИ ТАЛАБАЛАР САФИДАН ЖОЙ ОЛДИ

Жорий йилда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) Узлуксиз таълим марказининг 94 фоиз тингловчилари Ўзбекистон ҳамда хориждаги турли олий ўқув юртларининг талабалари сафидан жой олишди.

Узлуксиз таълим марказининг менежери Амирулла Абдуллаевнинг қайд этишича, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Узлуксиз таълим маркази ёшларни олий ўқув юртларининг кириш имтиҳонларига тайёрлаш мақсадида ташкил этилган.

“Биз таълим сифатига катта эътибор берамиз. Шунинг учун ҳам тажрибали ва юқори малакали ўқитувчиларни жалб қилдик ва бутун таълим жараёнини қаттиқ назорат қиламиз, тингловчилар ҳам мураккаб танловдан ўтишади”, —қайд этди у.

“Рақамлар тили билан айтганда, 2016-2017 ўқув йили аввалида биз математика, физика ва инглиз тили курсларига 370 нафар тингловчиларни рўйхатга олган эдик. 370 нафар тингловчилардан фақатгина 118 нафари тайёрлов курсларининг якуний имтиҳонларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Мазкур рақамлар биз ёшларнинг таълим олишларига қанчалик масъулият билан ёндошишимизни кўрсатади”, — деди Амирулла Абдуллаев.

Ўз ўрнида бу юқори натижаларни бермоқда. Бу йилги кириш имтиҳонлари якунларига кўра, тайёрлов курсларининг 94 фоиз тингловчилари Ўзбекистон ҳамда хориждаги турли олий ўқув юртларининг талабалари сафидан жой олишди. Солиштириш учун ўтган йили тингловчиларнинг 82 фоизи талаба бўлиш бахтига муяссар бўлганди.

Амирулла Абдуллаев деди: “Шуниси қувонарлики, 2017 йилда тингловчиларимизнинг 73 фоизи Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабалари бўлишди, бу эса ўтган йилга солиштирганда 12 фоизга кўпдир”.

Қайд этамиз, фақатгина Тошкент шаҳридаги Инҳа университети Тайёрлов курсларининг тингловчилари мазкур университетга кириш имтиҳонларини топширмасдан туриб талаба бўлишлари мумкин. Курс якунлари бўйича тингловчилар якуний имтиҳонларни топширадилар ҳамда 60 фоиздан юқори балл тўплаган ва энг яхши тингловчиларнинг дастлабки 30 фоизи қаторидан ўрин эгаллаган тингловчилар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг талабасига айланадилар. Улар шунингдек, университетнинг кириш имтиҳонларида қатнашиб, грант ўринлар учун курашиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритадилар.

“Бу йил имтиҳон натижаларига кўра 42 нафар тингловчилар Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ўқишга қабул қилиндилар. Бунда 5 нафар тингловчилар касб-ҳунар коллежлари ёки академик лицейларнинг ўқувчилари ҳисобланади. Улар коллеж ёки лицейдаги ўқишларини тамомлаганларидан сўнг, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига имтиҳонсиз қабул қилинадилар. Қолган 31 нафар тингловчилар имтиҳон натижаларига кўра IUT талабаси бўлдилар”, —қайд этди Абдуллаев.

Тайёрлов курсларининг яна 22 нафар тингловчилари Ўзбекистондаги ҳамда хориждаги, жумладан, Россиядаги олий ўқув юртларининг талабалари бўлишди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”