2017-09-01 16:16:00

ЮРТГА СОДИҚЛИК ҚАСАМЁДИ

Жорий йилнинг 31 август куни, мустақиллигимизнинг 26 йиллик айёми арафасида Мудофаа вазирлигига қарашли барча олий ҳарбий таълим муассасаларида тантанали равишда Ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Улкан шодиёна билан ўтган мазкур тантаналарда курсантлар энг улуғ, энг азиз неъмат — Истиқлолни  кўз қорачиғидай асраш, юртимизнинг етук офицерлари бўлиш, Ватан тинчлиги, равнақи, фаровонлиги йўлида фидойиларча хизмат қилишга ваъда беришди.

Қуролли Кучлар академияси, Тошкент ахборот технологиялари университети махсус факультети,Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультети, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти,Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти,Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртида Мудофаа вазирлигираҳбарияти,вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирокида бўлиб ўтган тантаналардаЎзбекистон Қуролли Кучларининг мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, тинч ва осуда ҳаётимизни ҳимоя қилишнинг мустаҳкам таянчи бўлиб келаётгани, ҳарбий хизмат ёшларимиз учун том маънода мардлик, жасурлик ва тобланиш мактабига айлангани таъкидланди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”