2017-09-03 09:09:00

ШАҲРАМ ҒИЁСОВ — ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ!

Бокс бўйича мамлакатимиз терма жамоаси аъзоси, Олимпия ўйинлари совриндори Шаҳрам Ғиёсов Германиянинг Гамбург шаҳри мезбонлик қилган бокс бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди.

Чемпионатнинг 69 килограммгача вазн тоифасидаги чарм қўлқоп усталари ўртасидаги финалгача бўлган баҳсларда Шаҳрам Ғиёсов украиналик Евгений Барабанов, англиялик Пэт МакКормак ва қозоғистонлик Аблайхон Жусуповни енгди.

Жаҳон чемпионатининг олтин медали учун кечган муросасиз беллашувда Шаҳрам кубалик Рониель Иглесиасни мағлуб этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.

Шунингдек, боксчиларимиздан Ҳасанбой Дўсматов, Жасурбек Латипов ва Иқболжон Холдоровлар жаҳон чемпионатининг кумуш медалларини қўлга киритдилар.

“Туркистон-пресс”