2017-09-05 10:20:00

БОКСЧИЛАРИМИЗ КУТИБ ОЛИНДИ

Германиянинг Гамбург шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 олтин, 3 кумуш ва 2 бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

Айтиб ўтиш ўринлики, Германияда бўлиб ўтган ушбу нуфузли мусобақада 85 давлатдан 280 боксчи совринли ўринлар учун куч синашди. Ушбу мусобақада Ўзбекистон бокс мактаби вакиллари ўз салоҳиятини яна бир карра намойиш этиб, ёруғ юз билан ватанимизга қайтишди. 

Терма жамоа аъзоларини Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида вазирлик ва идоралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда бокс мухлислари тантанали равишда кутиб олишди. 
Эслатиб ўтамиз, мусобақалар сўнгида ҳамюртларимиз Ҳасанбой Дўсматов, Иқболжон Холдоров, Жасур Латиповлар кумуш, Санжар Турсунов ва Бектемир Мелиқўзиевлар бронза медалга сазавор бўлган бўлса, ўз вазни бўйича ринга кўтарилган Шаҳром Ғиёсов жаҳонда тенгсиз эканлигини исботлаб, олтин медални қўлга киритди. 

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс” мухбири