2017-09-05 10:30:00

ЭКОТУРИЗМНИНГ АҲАМИЯТИ ОРТМОҚДА

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллий ва хорижий сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар самарадорлигини ошириш учунбир қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Жиззах вилоятида ҳам туризм, айниқса, экотуризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Маълумки, Жиззах вилояти йилнинг тўрт фаслига хос такрорланмас табиати билан барчани ҳайратлантира олади. Ана шундан келиб чиқиб, 2016 йилда 23 мингдан ортиқ маҳаллий,4 мингдан зиёд хорижлик сайёҳ вилоятдаги сўлим гўшаларга ташриф буюрган бўлса,  жорий йилнинг биринчи ярмида биргина хорижлик сайёҳлар сони 3 мингнафардан ошди. Таъкидлаш жоизки, уларнинг аксарияти табиат ишқибозлари – экосайёҳлардир.

Экотуризм бошқа соҳалардан фарқли ўлароқ, катта харажат талаб этмайдиган, аммо яхши даромад келтирадиган бизнес экани мазкур соҳа мутахассисларига яхши маълум. Экосаёҳатни хуш кўрувчилар учун эса Туркистон тоғ тизмалари бағридаги Зомин, Бахмал, Фориш, Ғаллаорол туманлари, Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида кенг имкониятлар мавжуд.

– Экотуризм жаҳон миқёсида сайёҳликнинг энг жозибадор турига айланиб бораётир,—дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Жиззах вилоятидаги вакили Л.Санаева. — Экосайёҳлар оқимининг кўпайиши қишлоқ ҳудудлари аҳолисинингтурмуш фаровонлигини оширишда ҳам муҳим. Айнан шу жиҳат ҳисобга олиниб, 2017-2021 йилларда вилоятда туризмни ривожлантириш дастурида замонавий экотуризм инфратузилмасини яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Ушбу дастур асосида жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятда 2 янги меҳмонхона, 2 санаторий, 10 дан ортиқ уй-меҳмонхоналар ишга туширилди. Шунингдек, янги туристик йўналишлар ҳам ташкил этилмоқда.

Бой наботот ва ҳайвонот дунёси, хушманзара арчазорлари билан машҳур ҳисобланувчи Зомин туманига хорижлик сайёҳларнинг қизиқиши айниқса, катта. Бағридаги ноёб экотизимга эга «Зомин» халқ парки, «Зомин» қўриқхонаси, Зомин давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида ёввойи ўсимликларнинг 700 дан зиёд тури, табиатда кам учрайдиган ва ноёб ёввойи ҳайвонларнинг 150 тури мавжуд. Ўриклисой шаршараси, 1000 ёшли Бобоёнғоқ каби табиат ёдгорликлари маҳаллий ҳамдахорижлик сайёҳларда бирдеккатта қизиқиш уйғотмоқда.

“Туркистон-пресс”