2017-09-05 10:40:00

КЕЛАЖАГИ ПОРЛОҚ ТЕМИРЙЎЛЛАР

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида 2016 йилнинг декабрь ойида бошланган Бухоро — Мискин темир йўл қурилиши билан танишиб, бу ердаги ишларни жадаллаштириш бўйича зарур тавсиялар берган эди.

Умумий узунлиги 355 километрдан иборат ушбу темир йўл линиясида лойиҳанинг биринчи босқичи муваффақиятли якунланди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти мутасаддилари, бу ерда жавлон ураётган ишчилар, муҳандис-техник ходимлар, соҳа фахрийлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбир доирасида янги линия устидан илк локомотив ҳаракатланди. Энди мазкур трассада ишчи поездлар қатнови амалга оширилади. Таъкидлаш лозимки, бу йўлда ҳозирча юк поездлари ҳаракатланади. Улар юқори тезликда ҳаракатланувчи "Афросиёб" поезди қатновини йўлга қўйиш мақсадида линияни электрлаштириш ва бошқа ёрдамчи иншоотлар тикланишини ўз ичига олган лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга оширишда бутун трасса бўйлаб зарур бўладиган бинокорлик материалларини етказиб беришгахизмат қилади.Таъкидлаш жоиз, электрлаштириладиган мазкур линия ишга туширилгач, Тошкент — Самарқанд — Навоий — Бухоро — Урганч — Мискин йўналишининг давоми сифатида йўловчилар узоғини яқин қилиш билан бирга мамлакатимизда туризмнинг тараққий этишида муҳим омил бўлади.

Гулшода ЖУМАНИЁЗОВА,

 “Туркистон-пресс”