2017-09-06 22:55:00

САРХИЛ МЕВА-САБЗАВОТЛАР НАМОЙИШИ

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да IIхалқаро мева-сабзавот ярмаркаси иш бошлади. Унда АҚШ, Россия, Япония, Жанубий Корея, Австрия, Швеция, Швейцария, Португалия, Украина, Беларусь, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Сингапур сингари 40 дан ортиқ мамлакатдан мутахассислар, ишбилармон доира вакиллари иштирок этмоқда.

Бугунги кунда дунё миқёсида хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёж ортиб бормоқда. Айниқса, серқуёш юртимиз заминида етиштирилаётган сархил мева-сабзавотларга дунё мамлакатларида талаб жуда юқори. Шу боис, Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ ва бошқа кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми бўйича дунёда етакчи ўнта давлатдан бири саналади.

Халқимиз эҳтиёжидан ортиқча 180 турдан зиёд мева-сабзавот ва уларни қайта ишлаш асосида тайёрланган маҳсулотлар АҚШ, Бразилия, Вьетнам, Индонезия, Кипр, Македония, Малайзия, Мўғулистон, Норвегия, Россия, Саудия Арабистони, Словакия, Таиланд, Хитой, Япония каби саксондан ортиқ мамлакатга экспорт қилинмоқда.

Халқаро мева-сабзавот ярмаркасини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳам хорижликларни мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида эришилаётган ана шундай юксак ютуқлар билан яқиндан таништириш, маҳсулотлар экспорт ҳажмини янада кўпайтириш, соҳа вакиллари билан тажриба алмашишдан иборат.

Кўргазмада 150 дан зиёд тармоқ корхоналари томонидан ҳўл ва қуруқ мевалар, цитруслар, сабзавотлар, кўкатлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқ, зираворлар, ичимликлар, қадоқлаш технологиялари, транспорт ва логистикага оид хизматлар намойиш этилмоқда. 

Тадбир доирасида экспортчилар ва Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари харидорлари ўртасида ўзаро учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиши, тадбир иштирокчиларининг мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар, интенсив боғлар, музлаткичли омборлар билан танишуви режалаштирилган. 

“Туркистон-пресс”