2017-09-07 10:20:00

O‘ZLIDEPДА ВАЛЮТА СИЁСАТИНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан “Чуқур ўйланган валюта ислоҳотлари бизнес муҳитини янада яхшилашнинг муҳим омили сифатида” мавзусига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Унда Президентимизнинг жорий йил 2 сентябрда қабул қилинган “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти партия фаоллари, электорати — тадбиркор ва фермерлар ўртасида кенг муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида депутатлар, вазирлик ва идоралар, банклар вакиллари, экспертлар, тадбиркорлар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбати иштирокчилари Президентимизнинг ушбу Фармонини мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда олдинга ташланган ниҳоятда катта қадам сифатида баҳолашди.

Чунки, ушбу Фармоннинг кучга кириши билан шу вақтгача мавжуд бўлиб келаётган валюта муносабатларига ҳаддан зиёд аралашув, ташқи савдо ва тадбиркорлик фаолиятини юритишда юзага келган тенгсизлик ҳолатларига чек қўйилганлиги айтилди. Айниқса, экспорт қилувчи корхоналар фаолиятини мураккаблаштириб келган, давлатнинг экспортни қўллаб-қувватлаш борасидаги сиёсати самарадорлигини чекланишига асосий сабаблардан бири бўлган ташқи муҳитга мослаштирилмаган курс сиёсатидан воз кечилганлиги мамлакат иқтисодиёти учун мисли кўрилмаган бурилиш сифатида баҳоланди.

Валюта сиёсатини эркинлаштириш юридик ва жисмоний шахсларга хорижий валютани эркин харид қилиш, миллий валютани айрбошлаш курсини фақат бозор механизмлари ёрдамида аниқлаш, экспорт ҳажмини ошириш, иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун зарур тадбиркорлик муҳитини яратиш борасида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистонда валюта сиёсатини эркинлаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тизимлилигига алоҳида эътибор қаратишиб, илғор бозор механизмларини босқичма-босқич жорий қилиб борилишига асосланган ушбу ёндашув бугунги кунга келиб юртимизда валюта бозорини либераллаштириш учун зарур шароит яратилишига, юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг олди олинишига асос яратганлиги таъкидланди.

Шу билан бирга валюта тизимини ислоҳ қилиш иқтисодиётда нархларнинг ўзгаришини самарали назорат қилишни таъминлашга қаратилган пул-кредит сиёсатининг янги механизмларини йўлга қўйишни тақозо этиши тўғрисида ҳам фикрлар билдирилди.

Давра суҳбатида иштирок этаётган экспорт блан шуғулланувчи бир қатор тадбиркорлик субъектлари вакиллари томонидан курс ўзгариши билан улар фаолиятида юзага келган айрим масалалар ҳам ўртага ташланди. Хусусан, маҳсулотлар ва хизматлар нархи АҚШ долларида белгиланиб, Марказий банк курсида тўланадиган бир қатор йўналишларда нархларнинг кескин ошиши бизнес субъектлари маҳсулотлари таннархига таъсир қилиб, жаҳон бозорида рақобатбардошлигини йўқотмаслиги ёки айрим бир Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нархларнинг ўзгариши билан импорт маҳсулотлари олдида ўз жозибадорлигини йўқотиб қўймаслиги учун тегишли идоралар қандай чораларни режалаштираётганлиги тўғрисидаги саволлар шулар жумласидандир.

Саволларга Марказий банк, Иқтисодиёт вазирлиги, бошқа мутасадди идоралар вакилларидан тегишли жавоблар олинди.

Хулоса ўрнида, давра суҳбати иштирокчилари мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида янги сифат даражасини очиб берган ушбу қадам аввало мамлакат раҳбарининг кучли сиёсий иродасидан, мамлакатни замонавий ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга халақит қилаётган ҳар қандай тўсиқларни ҳеч бир муболағасиз бартараф этишга тайёрлигидан далолат бериши яна бир бор таъкидланди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”