2017-09-07 12:32:00

ПИРУ БАДАВЛАТ ОНАХОН

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 26 августдаги фармонига кўра, тайлоқлик Байна она Тўйчиева 100 ёшдан ошган нуронийлар қаторида “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Момога бу юксак мукофотни топшириш учун Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари Тойлоқ тумани Сариосиё маҳалласига келишди. Вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Ғафурова онахонни байрам билан табриклаб, давлатимизнинг юксак мукофоти —“Шуҳрат”медалини унинг кўксига тақиб қўйди. Вилоят ҳокимлигининг совғаларини топширди. 

Пиру бадавлат Байна она бир қиз ва уч ўғилни вояга етказди, уларни касб-ҳунарли қилди. Бугун юзга яқин невара, чевара, эваралари ардоғида. Невараларини номма-ном чақирса-да, чевараларига келганда фалончини неварасимисан, деб қўяди.

—Ёшим нечадалигини ўзим ҳам ўйламасликка ҳаракат қиламан, —дейди онахон. —Юздан ошибман, энди оёғимни узатиб ўтирсам ҳам бўлади, деган хаёллар миямга ўрнашиб қолмасин, дейман-да. Худога шукур, соғлигимдан шикоят қилмайман. Чевараларимни катта қилишга қурбим етаяпти. Одамзоднинг хотиржамлиги, яхши яшашиям асосан, меҳнати туфайли-да.

Болаларим Президентимиз сизни мукофотлабди, дейишди. Бу хабарни эшитиб, у кишини дуо қилдим, илоҳим умрлари узоқ бўлсин. Юртимизга кўз тегмасин, саодатли кунларимиз кўпайсин!.

“Туркистон-пресс”

Бахтиёр МУСТАНОВ(“Зарафшон” газетаси) олган сурат.