2017-09-07 08:40:00

ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ҲАРБИЙЛАР ҲУЗУРИДА

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев Гулистон гарнизонида хизмат қилаётган офицер ва аскарлар ҳаёти билан танишди.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа қудратини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди. 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 28 август куни Самарқанд шаҳрида ўтказилган сайёр видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган долзарб ва устувор вазифалар ҳам бу борада олиб борилаётган ишлар кўламини янада кенгайтириш, мудофаа салоҳиятимизни мустаҳкамлашда яна бир муҳим қадам бўлди. 

Ҳарбий қисм ва бўлинмаларда соғлом маънавий муҳит шаклланган. Миллий армиямиз сафларида жисмонан соғлом ва бақувват, интеллектуал салоҳиятли йигитлар хизмат қилмоқда. Буни Гулистон гарнизонида хизмат қилаётган ҳарбийлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. 

Тадбир давомида “Китоб билан ҳар бир хонадонга” лойиҳаси доирасида китоб ярмаркаси ташкил этилди. Вилоят ҳокими оддий аскарларнинг яшаш шароити, тренажёр заллари, машғулот хоналари, спорт майдончаларидаги қулайликлар билан танишди. Хизмат бурчини сидқидилдан бажараётган, жанговар ва тактик машқларда сафдошларига ибрат бўлаётган бир гуруҳ муддатли ҳарбий хизматчилар рағбатлантирилиб, китоб жамламаси билан тақдирланди. 

Бозорбой Бекмуродов, ЎзА