2013-02-06 19:33:00

«Ибрат» газетасининг биринчи сони

Наманган вилоятида чоп этилаётган матбуот нашрлари сони яна биттага кўпайди. Яқинда “Ибрат” газетасининг биринчи сони дунё юзини кўрди. Ахборот, маънавий-маърифий, дам олиш йўналишидаги мазкур оммавий ахборот воситаси ҳафтада бир марта чоп этилади.

Газетаниниг дастлабкки сони маънавият ва маърифат соҳасига оид материаллар  билан очилади. Шунингдек, унда француз ёзувчиси Марсель Брионнинг “Менким, соҳибқирон — жаҳонгир Темур”  романидан боблар ҳам берила бошланган. Бундан ташқари, саҳифаларда вилоят, республика ва жаҳонда юз бераётган воқеалар кенг ёритилган. Айниқса, маҳаллалар ҳаёти, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари, маданият ва спортга бағишланган материаллар ўқувчи эътиборини тортади. Наманган туманидаги “Тош-нашриёт-чор-пресс” нашриёт уйи масъулияти чекланган жамияти муассислигидаги чоп этилаётган мазкур газета  рангли фотосуратлар билан безатилган, матбаа ижроси ҳам кўнгилдагидек.

— Мустақиллик йилларида барча соҳалар қатори матбуот ҳам катта ривожланиш йўлини босиб ўтди, — дейди биз билан суҳбатда кекса қаламкаш, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ғуломжон Акбаров. — 1991 йилда вилоятимизда бор-йўғи 15 та газета чоп этилганлигини яхши эслайман. Ҳозир эса 55 тадан ортиқ оммавий ахборот воситаси фаолият олиб бормоқда. Улар ичида газета, журналлар, радио ва телеканаллар ҳам бор. Таъкидлаш лозимки, вилоятда аҳолининг ахборот олишга бўлган эҳтиёжини қондириш учун кўп ишлар қилинмоқда.

 Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Туркистон пресс”