2017-09-07 22:32:00

АВТОМОБИЛЬ РАҚАМЛАРИНИ СОТИШ БЎЙИЧА ОНЛАЙН-АУКЦИОН ИШГА ТУШДИ

Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасиакциядорлик жамияти авторақамларни сотиш бўйича электрон аукционларни ўтказишга мўлжалланган янги информацион тизим ва веб-сайтни ишга туширди.

Электрон савдоларнинг янги механизми очиқлик, шаффофлик, рақобатбардошлик ва барча иштирокчилар учун тенг шароитлар яратиш тамойилларига асосланган. Янги механизм Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 11 июлдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги автомототранспорт воситалари учун давлат рақами белгиларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилди. Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида жисмоний ва юридик шахсларга оширилган тўлов ставкаси бўйича автотранспорт воситалари учун давлат рақами белгиларини бераётганда “Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси”АЖнинг ахборот тизимида аукцион ўтказиш тартиби тасдиқланган.

“Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси” АЖ савдо директори Азиз Абдуғаниевнинг таъкидлашича, товар-хомашё биржасининг электрон аукционларни ташкил қилиш ва ўтказиш борасидаги кўп йиллик тажрибасига таянган ҳолда янги ахборот тизими ва www.avtoraqam uzex.uz веб-сайти ишга туширилган. Бу автотранспорт воситалари учун давлат рақами белгиларини электрон аукционда сотиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, мазкур лойиҳа товар биржаси фаолиятида янги йўналиш – B2B ва B2C электрон тижорат моделларини ишга туширишга замин яратади. Жадал ривожланаётган замонавий АКТ ва мижозларга хизмат кўрсатишда инновацион ёндашув барча савдо иштирокчилари учун фойдали ва қулай шароит яратиш имконини берди.

Хусусан, биржа мижозлари онлайн-аукционда мобиль ускуналари орқали иштирок этишлари мумкин. Бунинг учун “Avtoraqamlar”савдо тизимининг махсус мобиль иловаси ишлаб чиқилди. Биржа янги савдо майдонининг яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, онлайн-аукционда иштирок этиш жараёни ҳеч қандай ҳужжатлар айланмасисиз, шахсий кабинет орқали амалга оширилади.

Ҳозирги кунда биржанинг онлайн-аукционларига Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бўлинмалари томонидан 50 дан ортиқ турли тоифадаги авторақамлар сотувга қўйилган. Савдода иштирок этиш ва рақам олиш учун истеъмолчилар биржанинг веб-сайтида онлайн-рўйхатдан ўтиши ҳамда биржанинг Ҳисоб-китоб клиринг палатасига (ҲККП) гаров пулини “Woy-Wo” электрон тўлов тизими орқали тўлаши лозим. Гаров пули миқдори авторақам бошланғич нархининг 10 фоизини ташкил қилади. Барча ҳисоб-китоблар биржа ҲККП орқали нақд пулсиз тўлов асосида амалга оширилади. Эътиборга молик жиҳати, тизим мижоз шахсий кабинетига бир вақтнинг ўзида бир нечта пластик карталарни улаш имконини беради.

Амалдаги қоидаларга мувофиқ, сотиб олинган авторақам Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бўлинмалари томонидан расмийлаштирилади. Моддий мажбуриятлар тўла қопланган санадан бошлаб 10 кун ичида мижоз айби билан расмийлаштириш жараёни амалга оширилмаса, ҲККП келишилган сумманинг тенг ярмини шартнома шартларини бажармагани учун жарима сифатида республика бюджетига ўтказиб юборади, қолган ярмини эса мижозга қайтаради. Бундай талаблар биржада амалга оширилган шартнома шартлари тўла, тўғри ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун қўлланилади.

Янги тизим имкониятларидан бўлажак харидорларни тўлиқ хабардор қилиш учун биржанинг қўнғироқларни қабул қилиш маркази операторлари томонидан мижозларга онлайн-аукционда қатнашиш шартлари бўйича маслаҳатлар берилиб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, биржа веб-сайтида онлайн-маслаҳатхона, аноним онлайн-сўровнома, фуқароларнинг электрон мурожаати ва “ишонч телефонлари”сингари интерактив хизматлар ҳам мавжуд.

ЎзА