2017-09-07 23:53:00

“MY FIRST PRESIDENT” ДЕБ НОМЛАНГАН ИНШОЛАР ТЎПЛАМИНИНГ ТАҚДИМОТИ

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасини ёд этиш ҳамда “My First President” — “Менинг Биринчи Президентим” деб номланган инглиз тилидаги иншолар тўпламининг тақдимоти муносабати билан тадбир ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Университет ректори Ғ.Раҳимов, Биринчи Президентимизнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова ва бошқалар Ислом Каримов билан боғлиқ хотираларини ёдга олди. Мустақиллигимиз меъмори Биринчи Президентимизнинг фидойилик, ватанпарварлик, адолатпарварлик, самимийлик, меҳрибонлик каби олижаноб фазилатлари барчамиз, айниқса, ёшлар учун ёрқин ибрат намунаси экани таъкидланди.

Таъкидлаш лозимки, “My First President”инглиз тилидаги иншолар танловида мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари талабалари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари иштирок этди. Танлов комиссияси томонидан 500 дан зиёд иншо кўриб чиқилиб, уларнинг 36 таси тўпламга киритилди.

Тадбирда Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фотокўргазма ташкил этилди, “Биринчи Президент ва ёшлар” деб номланган видеоролик намойиш этилди.

“Туркистон-пресс”