2017-09-12 16:06:00

“ТОЗА ҲАВО” ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ

Бугун юртимизда атроф-муҳитни тоза сақлаш, табиатни имкон қадар муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу мақсадда жорий йил Бухоро вилоятида “Тоза ҳаво ойлиги” тадбирлари доирасида ўтказилган тарғибот-тушунтириш ишлари ҳам айнан шу мавзуга қаратилди.

Олимлар атмосферанинг ифлосланиши ва экологик мувозанатнинг бузилишида саноат корхоналари ва автотранспорт воситаларининг “ҳиссаси” юқори эканини қайд этишмоқда. Агар автомобиллардан чиқаётган тутун таркибидаги зарарли газларга эътибор қаратсак, мазкур заҳарли газлар атмосферани ифлослантиришдан ташқари, табиатнинг бир бўлаги — инсон саломатлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатадиган омиллардан экани ойдинлашади.

Ушбу мавзуга оид ўтказилган тадбирда аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга, асосий эътибор автотранспорт воситаларининг техник ҳолатини ўрганишга қаратилди. Шунингдек, вилоят Ички ишлар бошқармасининг йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда махсус ускуналар ёрдамида ҳудуддаги мавжуд автокорхоналарда, вилоятга кириш жойларида, йўл-патруль хизмати масканларида транспорт воситаларидан чиқаётган заҳарли газ миқдорини аниқлаш мақсадида экологик кўрик ўтказилди. Ушбу кўрик давомида 12 мингдан зиёд автотранспорт воситаси текширилиб, уларнинг 120 тасида чиқинди газлар миқдори давлат стандартида белгиланганидан кўпроқ экани аниқланди. Табиийки, бунда автомашиналарни бошқараётган ҳайдовчилар огоҳлантирилиб, машиналарнинг техник хизмат кўрсатиш устахонасида тузатилиши таъминланди. Шу тариқа бу машиналардан бир йил мобайнида қарийб 950 килограмм заҳарли модда ҳавога чиқариб юборилишининг олди олинди.

“Туркистон-пресс”