2017-09-13 09:09:00

KAISTНИНГ ГЛОБАЛ ТИЖОРАТ МАРКАЗИ IUTГА ТАШРИФ БУЮРДИ

Корея фан ва техника илғор институти (KAIST) нинг Глобал тижорат маркази (Global Commercialization Centre, GCC) директори Чой Мун-Ки раҳбарлигидаги делегация Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT)га истиқболдаги ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиш учун ташриф буюрди.  

IUT ректори Сарвар Бабаходжаев, IUT нинг биринчи проректори Чо Во Суг, “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази директори Хуршид Султонов меҳмонларни қутлашди.

Учрашув давомида IUT нинг биринчи проректори Чо Во Суг ахборот технологиялари ҳамда логистика йўналиши бўйича кадрларни тайёрлайдиган университетнинг фаолияти тўғрисида гапириб берди. Меҳмонларга, шунингдек, ёшлар ўртасида аниқ фанларни ўрганишга бўлган қизиқишни ошириш ҳамда ўқитувчи-профессор ва талабалар учун яратилган шароитлар тўғрисида маълумот берилди.

“KAIST GCC” вакиллари Жанубий Кореянинг етакчи техник университетларидан бирининг, жумладан, Глобал тижорат маркази фаолияти тўғрисида батафсил маълумот бердилар. Корея томонининг қайд этишича, Глобал тижорат маркази дунёнинг турли бурчакларида корея технологияларини тарғиб қилади.

Тақдимотлардан сўнг, томонлар икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилинди. Жумладан, “Mirzo Ulugbek Innovation Center” лойиҳаси доирасида ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”