2017-09-13 10:10:00

АСОСИЙ МАҚСАДИМИЗ — ХАЛҚИМИЗ РОЗИЛИГИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниши фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш, мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва аҳоли билан очиқ мулоқотлар давомийлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббуси билан жойларда ўтказилаётган сайёр қабуллар ҳам юртдошларимизнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни ечимини топишга яқиндан кўмаклашиш, одамларда ҳаётдан рози бўлиб яшашдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Яқинда Норин туманидаги Фурқат маҳалласида бўлиб ўтган ЎзМТДП Наманган вилояти кенгаши раҳбариятининг сайёр қабулида партиянинг халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашларидаги гуруҳи аъзолари, вилоят ва туман партия ташкилотлари масъул ходимлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари, коммунал хизмат кўрсатиш идоралари, соғлиқни сақлаш ва халқ таълими муассасаларининг мутасаддилари иштирок этдилар.

Очиқ ва самимий мулоқот давомида фуқаролар томонидан кўтарилган кўплаб масалалар кўриб чиқилди. Эътиборлиси, мурожаатларнинг аксарияти жойида ўз ечимини топди. Айрим масалалар бўйича учрашув қатнашчиларига тегишли ҳуқуқий тавсиялар берилди. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар ҳам ўртага ташландики, улар юзасидан мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларига аниқ вазифалар юклатилди.

Қайд этиш лозимки, сайёр қабулда билдирилган барча мурожаатлар партия ташкилотлари ва депутатларнинг доимий эътиборида туради ҳамда уларга ечим излаш борасида амалий ишлар қилинади.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,

“Туркистон-пресс”