2017-09-13 10:30:00

БЕЛБОҒЛИ КУРАШЧИЛАРИМИЗ ТУРКМАНИСТОНГА ЖЎНАБ КЕТИШДИ

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 16-28 сентябрь кунлари  Туркманистон  пойтахти Ашхабод шаҳрида ёпиқ иншоотларда Осиё ўйинлари бўлиб ўтади.  Нуфузли мусобақада муваффақиятли иштирок этиш мақсадида терма жамоалардан иборат спортчиларимиз машғулотларга зўр беришди. Хусусан, белбоғли курашчиларимиз ҳам. 

Ёпиқ иншоотларда Осиё ўйинларида юқори марраларни кўзлаган полвонларимиз сўнгги ўқув-йиғин машғулотларини Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти  спорт залларида ўтказишди. Терма жамоа бош мураббийи Шавкат Мирзақулов ҳамда ёрдамчи мураббий Усмон Маҳаматов қўл остида етарлича тайёргарлик кўрган полвонларнинг мусобақада медаллар сони кўпайишига умид қилишмоқда.

Терма жамоа таркибидан эса қуйидаги спортчилар ўрин эгаллашган:

Эркаклар: Ҳусан Носиров (55 кг.,  Андижон), Абдурасул Ҳабибуллаев (60 кг., Наманган), Элбек Сотволдиев (66 кг., Наманган), Ҳусниддин Рўзиев (73 кг., Андижон), Элдор Неъматов (81 кг., Тошкент в.), Обидали Мавлонов (90 кг., Фарғона), Нуриддин Маҳаматов (100 кг., Тошкент вил.), Шерзод Раҳимов (+100 кг., Фарғона).

Аёллар: Шаҳзода Эргашева (50 кг., Андижон), Гулхуморой Дадабоева (55 кг., Андижон), Дилафрўз Мамажонова (65 кг., Наманган), Гулмира Исматова (70 кг., Самарқанд).

Шунингдек, ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида  халқаро тоифадаги ҳакамларимиздан  Неъматжон Тўйчиев,  Сергей Пак, Мираншоҳ Рўзиев, Равшан Дастировлар ҳам белбоғли кураш  баҳсларини баҳолаб боришда ҳакамлар гуруҳидан жой олишган. Ушбу нуфузли беллашувлар олдидан 8 сентябрь куни Чирчиқ шаҳрида Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси  томонидан терма жамоа аъзолари иштирокида  тадбир ташкил этилди. Бир пиёла чой устида ўтган мазкур тадбирда федерация раиси Равшан Дастиров ва тадбирга таклиф этилган меҳмонлар полвонларнинг Туркманистон спорт ареналарида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, шода медаллар билан қайтиш йўлида омадлар тилади. Тадбир сўнггида терма жамоа аъзоларига эсдалик совғалари топширилди. Бундай эътибор ва рағбатдан руҳланган полвонларимиз яхши натижалар билан қайтишни таъкидлаб ўтишди.

—   Полвонларимиз медалларга эга чиқиш учун бор имкониятларини ишга солишади деб ўйлайман, —  дейди Ўзбекистон Белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров. —   Жамоамиз аъзоларининг деярли барчаси тажрибали, демоқчи бўлганим,  улар халқаро мусобақаларда доим кучли учликдан жой олишган.  Эрон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон,  Мўғилистон полвонлари асосий рақиб бўлиши мумкин. Бироқ спортчиларимиз рақибларининг аксариятини яхши билишади, қўллайдиган усуллари ҳам таниш. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, юқорида таъкидлаганимиздек, натижаларимиз юқори бўлиб, медалларимиз сони кўп бўлишга умид боғлаганмиз. Бугунгги тадбир ҳам полвонларимизга қайсидир маънода руҳиятига ижобий таъсир кўрсатди, назаримизда. Биласиз, спортчида жисмоний ва руҳий тайёргарлик юқори бўлса кўзланган мақсад, албатта, натижа беради.          

Илҳом РАҲМОНОВ.

“Туркистон-пресс”