2017-09-13 16:26:00

ЎЗБЕКИСТОН САЙЁҲЛИК ТАШКИЛОТЛАРИ ХАЛҚАРО ТУРИСТИК ЯРМАРКАДА

Бугунги кунда мамлакатимизда туризмнинг барча тармоғини ривожлантириш, уларни кенг тарғибот қилиш, сайёҳлар учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш ва фойдаланиш самарадорлигини ошириш, такрорланмас тарихий-маданий мерос объектлари билан сайёҳларни кенг таништириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Бухоро вилоят ҳокимлиги кўмагида бир гуруҳ туризм соҳаси вакиллари Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида жорий йилнинг 8-10 сентябрь кунлари бўлиб ўтган “MATTA FAIR-2017” Халқаро туристик ярмаркасида қатнашишди. Ушбу кўргазмада Бухоро ва юртимизнинг кўзга кўринган номдор сайёҳлик ташкилотлари иштирокчилар ва сайёҳларни Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича ўз туристик маҳсулотлари билан иштирок этишди.

Кўргазма мобайнида Ўзбекистон ва Бухоро тўғрисида қизиқиш билдирган 4000 дан ортиқ иштирокчиларга юртимиз ва унинг бой тарихи ҳамда диққатга сазовор жойлари ҳақида маълумот берилди.

Шаҳноза Алимбаева

“Туркистон-пресс”