2017-09-15 14:14:00

МЕМОРАНДУМ ИМЗОЛАНДИ

Бугун Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашида мазкур кенгаш билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Ушбу меморандум ҳар икки тизим ўртасида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар, ёшлар, жумладан, маҳаллаларда истиқомат қилаётган уюшмаган ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Тадбир давомида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши тизимида Ўзбекистон Ёшлар иттифоки бошланғич ташкилотининг таъсис йиғилиши ҳам ўтказилди. Унда сўзга чиққанлар Республика кенгаши тизимларида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотларини ташкил этиш зарурлиги ҳақида тўхталиб, бошланғич ташкилот олдидаги муҳим вазифалар ҳақида фикрлар билдирилди.

Жумладан, тизимда фаолият юритаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини мунтазам ҳимоя қилиш,  ёшларнинг касбий билим ҳамда малакаларини оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш, ёшларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш, уларнинг маиший ва иш шароитларини яхшилаш борасида таклифлар ишлаб чиқиш, ёшлар муаммоларини тизимли ўрганиб бориш, ёшлар ҳамда Республика кенгаши бошқаруви раҳбарларининг учрашувларини мунтазам ташкил этиш мазкур бошланғич ташкилот олдида турган зарур масалалар экани сўзга чиққан ёшлар томонидан алоҳида таъкидланди.

Таъсис йиғилишида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши тизимида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотига етакчи ҳам сайланди. Таъсис йиғилиши иштирокчилари томонидан кенгаш ижро аппарати етакчи мутахассиси Бекзод Шоназаров бошланғич ташкилот  етакчиси этиб сайланди.

Таъсис йиғилиши якунида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши тизимидаги Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотига рўйхатга олингани тўғрисидаги гувоҳнома топиширилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбоев, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Шавкат Жавлонов иштирок этди.

Матёқуб НАРЗИЕВ,

“Туркистон пресс”