2017-09-22 13:16:00

ВАТАН ТАРАҚҚИЁТИГА МЕНИНГ ҲИССАМ

Самарқанд шаҳридаги Ҳунармандлар марказида шу шиор остида миллий маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Кўргазмада қирққа яқин ёшлар ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотларини намойиш этишди ва фаол, ташаббускор ва тадбиркорлик фаолиятида юқори натижаларга эришаётган йигит-қизлар йўналиш бўйича ғолиб бўлди. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги «Exclusive golden honey» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдулла Ўабибуллаев “Йилнинг энг намунали ёш тадбиркори”, Пахтачи туманидаги «Достонбек баракали толаси» фермер хўжалиги бошлиғи Достон Сайимов “Йилнинг энг намунали ёш фермери”, Самарқанд шаҳрида яшовчи наққош Шерзод Каримов “Йилнинг энг намунали ёш ҳунарманди” йўналишлари бўйича ғолиб бўлиб, муносиб тақдирланди.

– Бугун “Йилнинг энг намунали ёш тадбиркори” йўналиши ғолиби бўлганимдан жуда хурсандман, – дейди А.Ҳабибуллаев. – Бундай тадбирлар биз каби ёшиш билармонларни янада кўпроқ изланишга ундайди. Ўзимиз 120 оила асалари парвариш қилиб, кичик корхонамизда 5 турдаги асал маҳсулоти етиштиряпмиз. Жорий йилда 3 тонна асал олдик, 45 миллион сўм даромад қилдик. Маҳсулотимизни хориж бозорига чиқариш учун Россия, Болгария ва исроиллик ҳамкорлар билан музокаралар олиб боряпмиз. Шунингдек, келгуси йилда асалари сутидан маз ва гель маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда тўртта янги иш ўрни яратишни режалаштиряпмиз.

Тадбир доирасида банк, солиқ, божхона соҳаси мутахассислари ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, кредит олиш, солиқ имтиёзлари, улардан фойдаланиш қоидалари, божхона хизматлари хусусида маълумот берди.

“Туркистон-пресс”