2017-09-22 14:10:00

ЭКСПОРТЧИ ТАДБИРКОРГА КЎМАКЧИ

Самарқанд шаҳрида Ташқи иқтисодий фаолият «Миллий банк»и ҳузуридаги кичик  бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташаббуси билан «Экспорт қилувчи корхоналарни рағбатлантириш ва уларни  экспорт фаолиятига кенг жалб этиш» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси самараси ўлароқ тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилган фармон ва қарорлар моҳияти, уларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари истиқболи учун муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.

– Жорий йилнинг олти ойи давомида жамғарма томонидан 310 тадбиркорга Германия, Россия, Қозоғистон ва Тожикистонда бўлиб ўтган халқаро кўргазма ва ярмаркаларда иштирок этишида ёрдам кўрсатилди, - дейди кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси дирекцияси бош мутахассиси Отабек Маназаров. – Натижада улар томонидан 154,5 миллион долларлик экспорт келишувлари имзоланиб, 6 ой давомида 9,8 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. Ўтган йилнинг шу даврига таққослаганда халқаро кўргазмаларда иштирок этган тадбиркорлар сони 160 тага, экспорт шартномалар қиймати қарийб 3 бараварга ёки 97 миллион долларга ошди.

Тадбирда тадбиркорларга ҳар томонлама амалий кўмаклашиш, хорижий кредит линиялари тўғрисида маълумот берилиб, ноль қийматда реализация қилинадиган давлат активлари ҳамда экспортга чиқариладиган маҳсулот ва хизматлар учун сертификатлаштиришнинг соддалаштирилган турлари жорий этилгани билан боғлиқ ўзгаришлар тушунтирилди.

Жамғарма вакиллари тадбиркорларнинг саволларига батафсил жавоб берди.

“Туркистон-пресс”