2017-09-22 14:49:00

САМАРҚАНДДА ОЛИМЛАР АНЖУМАНИ

Самарқандда “Ўзбекистонда илм-фан, олий таълим тизимининг шаклланиши ва тараққиётида Самарқанд давлат университетининг тутган ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган анжуманда юртимиздаги олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари профессор-ўқитувчилари ҳамда Россия, АҚШ, Австралия, Италия ва бошқа давлатлардан таниқли олимлар иштирок этди. Анжуманнинг ялпи мажлисида университет ректори, профессор Р.Холмуродов, Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими Д.Юсупова ва бошқалар мамлакатимизда олий таълим тизимини ислоҳ қилиш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни замон талаблари даражасида олиб боришда муҳим дастуриламал бўлмоқда. 
—Халқаро конференциянинг Самарқанд давлат университетида ўтказилиши бежиз эмас, —дейди Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори Б.Тўхлиев. —Чунки мазкур таълим даргоҳи қарийб бир асрлик тарихи давомида юртимизнинг етакчи олий ўқув юртларидан бири сифатида халқ хўжалигининг турли соҳалари учун минглаб малакали кадрлар тайёрлаб берди. Бу ерда адабиётшунослик, тилшунослик, физика, химия, археология бўйича слоҳиятли илмий мактаблар шаклланди. Мустақиллик йилларида Самарқанд давлат университетига Мирзо Улуғбек асос солган олий мадрасаларнинг давомчиси сифатида қараш шаклланди ва бу борада илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. 

 Конференциянинг "Самарқанд — илм-фан, маданият ва маърифат бешиги", "Жаҳон илм-фани тараққиётида Шарқ мутафаккирларининг ўрни", "Самарқанд давлат университети илмий мактабларининг Ўзбекистон илм-фанини ривожлантиришдаги роли", "Юқори малакали кадрлар тайёрлаш: ютуқлар, муаммолар, ечимлар", деб номланган шўъбаларида 40 дан ортиқ маърузалар тингланди. 


Конференция якунида шўъбаларда муҳокама этилган мавзулар юзасидан иштирокчиларнинг хулосалари эшитилди, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 

“Туркистон-пресс”