2017-09-22 16:16:00

ФАРҒОНАДА ПАРРАНДАЧИЛИК МАКТАБИ ИШ БОШЛАДИ

Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш учун Фарғона вилоятида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш, ички истеъмол талабини тўлиқ қондириш, бозорлардаги нарх-наволар барқарорлигини сақлаб қолиш ва энг асосийси, оилалар даромадларини ошириш, яшаш шароитларини яхшилаш учун аҳоли шахсий томорқа хўжаликларидан янада самарали фойдаланишини ташкил қилиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Фарғона вилоят Кенгаши, Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлатлаш маркази вилоят бошқармаси томонидан Боғдод тумани аҳолисини оилавий тадбиркорлик фаолиятига йўналтиришда амалий ёрдам бериш, аҳолининг шахсий томорқаларидан самарали фойдаланишни тўғри ташкил қилиш мақсадида махсус Паррандачилик мактаби ўз ишини бошлади.Бу ҳақда O‘zLiDeP Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур мактаб Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлатлаш маркази вилоят бошқармаси томонидан “Оилавий корхона истиқболлари” лойиҳаси бўйича қўлга киритган 25 млн. сўм грант эвазига ташкил этилди.

Ушбу лойиҳа доирасида аҳолига паррандачиликни тўғри ташкил этиш, парваришлаш ва махсус инкубаторлар билан ишлаш жараёнларини амалиёт билан боғлиқ ҳолда ўргатишга қаратилган ўқув-семинарлари ташкил этилиб, унда йил  якунига қадар 1500 нафар кам таъминланган оила аъзоларини ўқитиш мақсад қилиб олинган.

Шунингдек, мазкур мактабда паррандачиликни бошлаш ниятида бўлган аҳоли учун махсус ўқув-қўлланмалар, буклетлар ҳам чоп этилиб, маҳаллаларда бепул тарқатиш режа қилинган.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”