2017-09-25 20:55:00

ФУҚАРОЛАРИМИЗНИНГ МУЛК ҲУҚУҚИ ҲИМОЯСИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНАДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг куни-кеча бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида қатор қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Хусусан, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ, Оила, Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари ва бошқа қонун ҳужжатлари кенг муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаларидан бирига алоҳида тўхталиб ўтишни жоиз, деб биламан. Зеро, у фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари билан хусусан, мулк ҳуқуқи билан чамбарчас боғлиқдир.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси деб номланган мазкур ҳужжат мамлакатмизни янада ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётимизга жорий этиш доирасида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодксининг амалдаги, 211-моддасида ташкилот (муассаса, корхона) ва фуқароларнинг мулкидан фойдаланган ҳолда жиноят содир қилиш жараёнида жиноятчилар томонидан фойдаланилган жиноят қуроллари кимга тегишлилигидан қатъий назар мусодара қилиниши белгиланган. Ваҳоланки, жиноят қуроли сифатида мусодара қилиниши кўзда тутилган мазкур мулкнинг ҳақиқий эгалари жиноятда умуман қатнашмаган бўлишлари мумкин.

Оддий қилиб айтганда, амалдаги қонунчиликка мувофиқ, мулк эгаси ким бўлишидан қатъий назар, ушбу мулк суд томонидан жиноят қуроли деб топилса, у амалдаги қонунчиликка биноан давлат фойдасига мусодара қилинади.

Шу муносабат билан, қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 211-моддасига ўзгартиш киритиш орқали гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган мол-мулк унинг қонуний эгаларига, мулкдорларига ёки уларнинг ҳуқуқий ворисларига, шунингдек, меросхўрларига қайтариб берилиши лозимлиги тўғрисидаги норма мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Қонун лойиҳасида, шунингдек, гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган мол-мулкнинг қонуний эгалари, мулкдорлари, ҳуқуқий ворислари ёки меросхўрлари аниқланмаган тақдирда, ушбу мол-мулк давлат фойдасига ўтказилиши таклиф қилинмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 27-моддасига ҳуқуқбузарнинг шахсий мулки бўлмаган ашё мусодара қилиниши мумкин эмаслиги ҳақидаги нормани киритиш таклиф этилмоқда.

Ишончимиз комилки, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ўз шахсий мулкини (уй, автотраспорт воситаси ва ҳ.к.) бошқа бир шахсга омонатга топшириш, ижарага бериш ёки шунга ўхшаш вазиятлар оқибатида ўз мулкидан ажралиб қолиш каби нохуш ҳолатларга бутунлай чек қўяди; хусусий мулк кафолатларини мустаҳкамлайди; жиноят иштирокчиси бўлмаган шахсларнинг жиноят содир этиш мақсадида фойдаланилган мол-мулкини мусодара қилишнинг олдини олади; фуқароларнинг мулк ҳуқуқини тўлақонли ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон АдолатСДП фракцияси аъзоси

(“Туркистон-пресс”).