2017-09-26 14:05:00

БУХОРОДА ҲУНАРМАНДЛАР ФЕСТИВАЛИ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “2017-2019 йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти туристик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мазкур вилоятда турли тарғибот тадбирлари, фестиваллар ўтказиб келинмоқда. Жорий йил Бухоро вилояти марказида жойлашган Лабиҳовуз меъморий мажмуида ташкил этилган “Бухоро ҳунармандлари-2017” фестивали ҳам шулар жумласидандир.

Икки кун давом этган мазкур тадбирда 2500 нафардан ортиқ хорижий туристлар ҳамда республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 1000 дан зиёд сайёҳлар иштирок этишди.

Фестиваль доирасида бухоролик таниқли ҳунармандлар устахоналарида, шунингдек, Минораи Калон меъморий мажмуи олдидаги майдонда халқ амалий санъатининг ўндан зиёд турлари бўйича маҳорат сабоқларини ўтказдилар.

30 ёшгача бўлган ҳунармандлар ўртасида ўтказилган ушбу кўрик-танловда 11 номинация бўйича ғолиблар аниқланиб, уларга диплом ва эсдалик совғалар топширилди.

Шаҳноза Алимбаева,

 “Туркистон-пресс”