2017-09-26 15:00:00

27 сентябрь – Бутунжаҳон туризм куни

ТУРИНДУСТРИЯ — ТИНЧЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ ГАРОВИ

Миср эҳромлари, Тож Маҳал ёхуд Буюк Хитой девори сингари етти мўъжиза сирасига кирувчи тарихий ёдгорликлар доим сайёҳлар билан гавжум. Бироқ, ушбу афсонавий иншоотлардан кўра Эйфель минорасига кўпроқ саёҳатчи келаркан. Наҳотки, шу темир минора одамларга қизиқроқ бўлса? Йўқ, албатта. Сабаби, Франция хорижий меҳмонларнинг кўплиги жиҳатидан дунёда етакчи ҳисобланади. Тўғриси-да, мақсади бизнес, асал ойи ёки иш излаш бўлган хорижликларни минора шинавандаси деб бўлармиди?! Шунчаки, Парижда яшаб Эйфелни кўрмасликнинг иложи йўқ. Лекин туризм учун муҳими — хорижликларга хизмат кўрсатиш ва даромад.

Сайёҳлик саноати — йирик даромад келтирувчи иқтисодиёт сектори, шунингдек, давлатлараро ҳамдўстликни мустаҳкамлаш воситаси ҳамдир. Соҳа муваффақияти кўп жиҳатдан хорижлик ёки маҳаллий сайёҳлар сони, талаб ва мақсадига боғлиқ.

БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти расмий сайтида баён этилишича, 2015 йилда дунё бўйича 1,184 миллиард нафар сайёҳ қайд этилган. Саёҳатчиларга кўрсатилган экспорт хизматлари қиймати эса қарийб 1,5 триллион АҚШ долларини ташкил қилади.

Мамлакатга ташриф буюрувчилар сони ва сайёҳлик хизматидан олинган даромад миқдорига кўра, туризм соҳаси етакчилари эълон қилинади.

Шу маънода, энг кўп хорижлик меҳмонларни қабул қилишда Франция (83,7 миллион), АҚШ (74,8 миллион), Испания (65,0 миллион), Хитой (55,6 миллион) ва Италия (48,6 миллион) кучли бешликда туришибди. Германия, Буюк Британия, Россия ва Мексика кучли ўнталикдан жой олган. Бироқ, бу кўрсаткич бўйича Осиё шаҳарлари етакчилик қилишмоқда. Бунда Гонг Конг (27,7 миллион), Лондон (17,4 миллион), Сингапур (17,1 миллион), Бангкок (16,2 миллион) ва Париж (15,0 миллион) сингари шаҳарларни келтириш мумкин. Сайёҳлар сонининг кўплиги, ушбу соҳада даромад миқдори ўсишини кафолатламайди. Мисол учун, энг кўп сайёҳ ташриф буюрадиган Франция даромад олиш (55,4 миллиард АҚШ доллари) бобида АҚШ (177,2 миллиард), Испания (65,2 миллиард) ва Хитой (56,9 миллиард) давлатларидан кейинги тўртинчи ўринда туради. Сабаби, хорижлик меҳмонлар орасида ночор, ишсиз ва қочоқлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

Халқаро туризм мамлакат иқтисодиётини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга соҳалардан бири бўлиб, давлат бюджетининг асосий қисми (даромад манбаи) ҳисобланади. Соҳани ривожлантириш учун эса мамлакатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм сурмоғи лозим. Бунда огоҳлик ва ҳушёрлик талаб этилади. Боиси, мамлакат ҳудудига чет эллик меҳмонлар билан бирга СПИД (ОИТС), одам савдоси, гиёҳвандлик, наркомания, қурол савдоси ёки тероризм сингари глобал муаммолар ҳам кириб келиш эҳтимоли йўқ эмас.

Иқтисодиёт тармоқлари тараққий этгани сари, жамият хавфсизлигига рахна солувчи турли муаммолар ҳам вужудга келмоқда. Сайёҳлик (туризм) — инсон ҳаёти фаолиятининг маълум бир тарзини ифодалаб, бу дам олиш, кўнгил очиш, спорт, атроф-муҳитни англаш, савдо, фан, даволаниш ва бошқа кўплаб мақсадларда амалга оширилиши мумкин. Мақсадидан қатъи назар, вақтинчалик доимий яшаш (ёки иш) жойидан бошқа шаҳар, мамлакат, қитъага сафар қилган киши — турист ҳисобланади.

Бироқ ҳозирда “турист” тушунчаси таърифлари сероб, аниқроғи, хорижлик истеъмолчи, тадбиркор, касаллик ташувчи, турфа ёт ғояларни тадбиқ этувчи, ишсиз ночор, меҳнат муҳожири, талаба ёки қочоқ кабилардир. Шундай экан, мамлакатда соҳани ривожлантириш баробарида турли глобал муаммолардан ҳимояланиш ҳам долзарб вазифага айланди.

Хабарингиз бор, Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатлари (Тунис, Миср, Ливия, Сурия) “араб баҳори” ёки “рангли инқилоб” (интернет ва бошқа виртуал алоқа воситалари орқали ҳукуматга қарши тарқатилган хабарлар оқибатида юз берган инқилоб) натижасида миллионлаб қочоқлар Ўрта Ер денгизи орқали Европа Иттифоқи давлатларига кўчиб ўта бошламоқда. Ўтган йили Германия ҳукумати минглаб қочоқларга бошпана берди. Оқибатда, бир ой ўтиб полиция масканларига зўрлаш, ўғирлик ва бошқа жиноятлар тўғрисида юзлаб шикоят хатлари келиб тушганлиги оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Бугун деярли барча Ғарбий Европа давлатлари оммавий қочоқлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда боши берк кўчага кириб қолишган...

Ўтган йили Бельгия пойтахти Брюссель шаҳрида ёки қатор Европа (Париж, Мадрид) шаҳарларида бир қанча терактлар содир этилди. Оқибатда, Ғарбий Европа мамлакатларига туристлар оқими ўтган йилга нисбатан сезиларчи даражада камайди.

БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти томонидан 2017 йил “Халқаро туризм йили” деб эълон қилинганлиги замирида туризм орқали дунёда тинчлик мустаҳкамланишига эришиш мақсади ётади.

Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий обидалари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторидан жой олган. Мамлакатимизда етти мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорлик бор. Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Мамлакатимизда сайёҳлик инфратузилмасининг барча тармоқларини изчил ривожлантириш мақсадида янги-янги замонавий меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, аэропортлар ва транспорт коммуникациялари барпо этилмоқда, янги сайёҳлик маршрутлари ишлаб чиқилмоқда, сервис хизмати тубдан яхшиланмоқда.

Юртимизнинг фусункор табиати, бой тарихи ва маданияти, бетакрор қадрияту анъаналари ҳамда муқаддас қадамжолари, ноёб меъморий обидалари ва серфайз гўшалари жаҳон сайёҳларини тобора ўзига ром этмоқда. Мамлакатимизда қарор топган мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳити, жаҳонга машҳур ўзбекона меҳмондўстлик, замонавий меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари, юксак сифатли хизмат уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун қулай имконият яратмоқда. Бу Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сафининг муттасил кенгайиши, ички туризмнинг ривожланиши, янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли фаровонлигининг ошишига хизмат қилаётир.

Мамлакатимизда халқаро туризм билан бир қаторда ички туризмни ҳам изчил ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, ички туризм иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришнинг муҳим омилидир. Шу боис юртимизда ҳудудларнинг сайёҳлик имкониятларини ошириш ва тарғиб этиш, курортлар ҳамда сайёҳлик ташкилотлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари, ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда манзилли дастурлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда янги туристик маршрутларни ишлаб чиқиш, тарихий-археологик боғлар барпо этиш, қишлоқ жойларда туризм ва туристик хизматларни ривожлантириш, автомагистраль йўллар, сервис хизмати кўрсатиш мажмуаларини барпо этиш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш имконини бермоқда.

Ўзбекистонга келаётган сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш, юртимиз ҳақидаги тасаввурларини бойитиш соҳа ходимларидан юксак билим ва малака талаб этади. Шу мақсадда сайёҳлик маркетинги ва менежменти, хизмат кўрсатиш, халқаро туризм, меҳмонхона хўжалиги ва ресторан иши йўналишлари бўйича малакали мутахассислар тайёрланмоқда.

БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти ижрочи директори Золтан Шомоги таъбири билан айтганда, Ўзбекистон — бу тинчлик ва сокинлик, бир-бирига ҳурмат ва тушуниш ҳукм сураётган мамлакатдир. Ўзбек халқининг олижаноблиги, меҳмондўстлиги ва самимийлиги бутун дунёдан меҳмонларни оҳанрабодай тортади.

Мамлакатимиздаги тинчлик-хотиржамлик бебаҳо неъмат. Уни шунчаки қадрлаш эмас, балки маънан англаб етиш лозим. Шунингдек, турли статистик маълумотларни ўқиш ва таҳлил қилишда ҳам оқилона ёндашув талаб этилади. Дейлик, туризмдан юқори даромад олиш борасида Ўзбекистон юзталикда бўлса, соҳа тараққий этмаган, деган хулосага келиш нотўғри. Аксинча, Ўзбекистон туризм соҳаси энг юқори суръатда ривожланаётган мамлакатлар сирасига киради. Туризмдан йирик миқдорда даромад олаётган етакчи давлатларнинг аксари тарихий обидалари ёки маданий бойликларини зиёрат этувчилар эмас, балки даволанишга келган касаллар, табкиркор, кўнгил очиш, дам олиш мақсадида келган туристлардир.

Сайёҳлик борасида етакчи мамлакатларнинг тарихий обидаларига асосан маҳаллий саёҳатчилар ташриф буюришади. Ёки ҳеч эшитганмисиз, Марказий Осиёдан бирор киши Сан Франциско штатига Олтин дарвозани (Golden Gate— дунёдаги энг мафтункор кўприклардан) кўришга борганлиги тўғрисида? АҚШга сайёҳларнинг асосий қисми тадбиркорлик, ўқиш ёки ишлаш мақсадида боришини статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди.

Хулоса ўрнида бир савол билан мурожаат қилмоқчимиз. Агар сиз саёҳат қилишни орзу қилган мамлакатда фуқаролар уруши ёки терористик ҳаракатлар юз бераётганлиги тўғрисида билиб қолсангиз, борармидингиз?..

Юртимиздаги тинчлик, барқарорликка кўз тегмасин!

Шуҳрат ҚОБИЛОВ,

журналист.

"Туркистон-пресс"