2017-09-27 18:09:00

ДУНЁ ЭЪТИБОРИ ВА ЭЪТИРОФИ

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи жаҳон жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан қарши олинди.

Президентимиз дунёнинг энг юксак минбаридан туриб, ўзбекона қатъият ва мулоҳаза билан мамлакатимиз ҳаёти, марказий Осиё минтақаси ҳамда жаҳондаги тинчлик ва барқарорлик билан боғлиқ энг муҳим масалаларни ўртага ташлади.

Нутқда Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш нафақат минтақавий, балки глобал хавфсизликни таъминлашнинг муҳим шарти эканлиги таъкидланиб, бу мамлакатда тинчликка эришишнинг ягона йўли – марказий ҳукумат ва мамлакат ичидаги асосий сиёсий кучлар ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан, тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш эканлиги қайд этилди. Дунёда терроризм таҳдидлари кучайиб бораётгани ҳақида сўз юритилиб, Юртбошимиз томонидан ушбу глобал муаммони ҳал этишининг энг таъсирчан ва самарали йўли саммит иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.

Экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилмоқда. Бугунги дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлоддир, чунки улар 2 миллиард нафарни ташкил этмоқда.  

– Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси "вируси" тарқалишининг олдини олишдир, – деди давлатимиз раҳбари ўз нутқида. – Шу муносабат билан Ўзбекистон глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат – БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқишни таклиф этади.

Президентимиз томонидан дунёнинг энг йирик сиёсатчиларига қарата юксак минбардан туриб айтилган бу фикрлар катта эътибор билан қарши олингани бежиз эмас. Чунки, шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги глобал даврда ёшлар онги ва шуурига қаратилган таҳдидлар тобора авж олмоқда ва бу масала дунё маърифатпарварларини ҳам ташвишга солаётгани бежиз эмас. Чунки бундай хатарлар кўзга яққол кўринмайди ва ёшлар онгу шуурини аста-секинлик билан бузиб, соғлом эътиқодини заифлаштириб бораверади.

Айни дамда дунёнинг турли минтақаларида содир бўлаётган хунрезликлар, экстремизм ва терроризм балосининг авж олишига ҳам тўғри йўлдан адашган, онгу шуури бузғунчи ғоялар билан заҳарланган ёшлар сабабчи эканлигини жаҳон афкор оммаси яхши англаб турибди. Ана шундай бало-қазоларнинг олдини олиш, дунёни жаҳолатдан сақлаб қолишнинг энг оқилона йўли бу ёшларни маънавият ва маърифатли қилиб тарбиялаш эканлиги Президентимиз томонидан янада бир бор, куюнчаклик билан таъкидлаб ўтилди.

Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, давлатимиз раҳбарининг БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ҳақидаги таклифи энг ўринли ва оқилона таклиф эканига шубҳа йўқ. Агар ана шундай йирик халқаро ҳужжат қўллаб-қувватланса ва қабул қилинса ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари аниқ мезонлар асосида тартибга солинади ва бу дунё ёшларини эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиради, жипслаштиради.

Дунёда тинчлик ва осойишталикдан ортиқроқ улуғ неъмат йўқ. Бу неъмат замирида ривожланиш, тараққиёт ва фаровонлик мужассам. Бугун нотинчлик ҳукм сураётган юртларда яшаётган одамлар бу неъмат қадрини кўп ва хўп англаб етадилар.

Биз тинчликсевар халқмиз. Ўзбек халқининг ана шу пок нияти, эзгу истаклари Президентимиз нутқида ҳам яққол акс этди ва саммит иштирокчилари қалбидан чуқур жой олди.

Баҳром ОБИДЖОНОВ,

Шерзод РАҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари.

“Туркистон-пресс”