2017-09-27 18:27:00

ҚЎҚОНЛИК ТАДБИРКОРЛАР ЕРЛИ БЎЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Қўқон шаҳрида янги, истиқболли лойиҳалар амалга ошириляпти. “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида хорижий технология ва инвеститициялар жалб иштирокида келгусида 10 га яқин йўналишда маҳсулотлар тайёрланади.

Айни пайтда тадбиркорларга ер участкалари ажратиб бериш жараёнлари бошланди. Хусусан, 11 та тадбиркорлик субъектига ишни бошлаш учун ер майдонлари ажратилди.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев янги ҳудудда иш бошлаётган тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг истиқболли режалари билан яқиндан танишди ва бу ердаги айрим муаммолар ечимига эътибор қаратди.

“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида яқин кунларда тадбиркорлик субъектлари томонидан трикотаж, фармацевтика, мева шарбати, гипсокартон, пойабзал, сунъий тери маҳсулотлари, автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарила бошланади.

Ўрол ҲАМИДУЛЛАЕВ,

“Туркистон-пресс”