2017-09-27 18:59:00

КАТТАҚЎРҒОН МОТОЦИКЛЛАРИ – ЭКСПОРТГА

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳридаги “Hong Xiang Group” ўзбек-хитой қўшма корхонасида юк мотороллерлари, замонавий мотоцикллар ва мопедлар ишлаб чиқариш бошланди.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки вилоят бўлимининг 439 миллион сўм кредити ҳамда 1 миллиард сўм хорижий сармоя эвазига йўлга қўйилган корхонада ўрнатилган Хитой ишлаб чиқариш ускуналари ёрдамида бир йилда 5000 донадан зиёд икки ва уч ғилдиракли мотоцикллар ишлаб чиқарилади.

Яна бир аҳамиятли жиҳат, ишлаб чиқаришни жойлаштириш учун Каттақўрғон транспорт коллежи биносининг бўш турган қисми ижарага олинди. Бу орқали коллеж ўқувчиларига амалиёт ўташ учун кенг имконият яратилди.

Ҳозирда 25 нафар ишчи меҳнат қилаётган корхона маҳсулотлари бозорда юқори талабга эга бўлмоқда. Сабаби, ишлаб чиқарилаётган мотоциклларнинг 100 километрга ёқилғи сарфи 1-3 литрдан ошмайди.

Корхона маҳсулотларини сотиб олиш бўйича Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон давлатларидан ҳам қизиқиш бўлмоқда. Экспорт шартномалари бўйича музокаралар ўтказилмоқда.

“Туркистон-пресс”.