2017-09-27 19:19:00

ЯҚИН ҚЎШНИЧИЛИК МУНОСАБАТЛАРИДА ЯНГИ ДАВР

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи икки мамлакат раҳбарлари томонидан Самарқандда эришилган келишувларнинг мантиқий давоми бўлиб, Ўзбекистон — Қирғизистон муносабатлари ривожида янги саҳифа очганлиги билан тарихий аҳамиятга эга. Ана шу ташрифдан сўнг Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидаги «Дўстлик» чегара мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти ҳамда Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Яқинда яна бир худди шундай учрашув Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги “Косонсой” чегара мажмуасида бўлиб ўтди. Қирғизистон Республикасининг Жалолобод вилояти Олабуқа туманидан ташриф буюрган меҳмонларни давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, мамлакатимизда истиқомат қилаётган қирғиз миллатига мансуб юртдошларимиз, кенг жамоатчилик ва ёшлар карнай-сурнай садолари остида кутиб олдилар. Икки қардош халқ вакилларининг учрашувига бағишланган тадбирни Косонсой тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Жавлонбек Йўлдошев очди. Сўзга чиққан Наманган вилояти қирғиз миллий маданий маркази раҳбари Махфират Истамқулова, Косонсой туманидаги 2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Марғуба Ражаббоева, Олабуқа тумани ҳокими ўринбосари Бектур Салимбаев, Олабуқа туманидаги “Оққўрғон” маҳалласи фуқароси Иброҳим Кўпайсинов ва бошқалар халқларимизнинг дўстлик ришталари қадим тарихга эга бўлиб, икки давлат Президентларининг учрашуви мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, яқин қўшничилик муносабатларини юқори босқичга кўтаришда янги саҳифа очганини таъкидладилар.

Маълумки, ана шу тарихий учрашувда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш истиқболлари, мамлакатларимизнинг чегараолди ҳудудлари алоқаларини фаоллаштириш каби халқларимиз манфаатларига хизмат қиладиган қатор келишувларга эришилди. Бу келишувлар асрлар давомида ёнма-ён яшаб келаётган икки қардош халқни беҳад қувонтирди.

Ҳа, энди ўзаро алоқалар янада мустаҳкамланади ва кенгаяди. Савдо-сотиқ, борди-келди ривожланади. Бу, албатта, халқнинг кайфиятини кўтаради, миллатлараро тотувликнинг барқарорлигини таъминлайди. Натижада турмуш фаровонлиги ҳам ошади.

Учрашув якунида бадиий жамоалар, ёш санъаткорлар иштирокида «Дўстлигимиз абадий бўлсин!» деб номланган концерт дастури намойиш этилди. Олабуқа ва Косонсой туманида яшовчи фуқаролар бир-бирларини ўзаро алоқалар янги босқичга кирганлиги, қариндош-уруғлар, ёр-биродарлар ўртасидаги муносабатлар янада яқинроқ бўлиши учун имкониятлар яратиб берган ҳар икки давлат раҳбарларига чин дилдан миннатдорчилик билдирдилар. Шу куни чегара мажмуасидаги тадбирда иштирок этган ҳар бир киши – раҳбарлардан тортиб оддий фуқароларгача қардош халқларимиз ўртасидаги дўстлик муносабатлари тобора юксалаётганидан мамнуният изҳор этдилар. Ким билан суҳбатлашманг, ҳамма “Икки давлат Президентлари доимо соғ бўлишсин, элларимиз ўртасидаги дўстлик абадий бўлсин”, “Ўзбекистон Президентининг ташрифи йилнинг энг яхши янгилигидир”, “Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари бу стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун барча шароитларни яратиб беришига ишонамиз”, деган фикрларни баён этди.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг жорий йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасига давлат ташрифи чоғида чегара масалалари бўйича имзоланган шартномалар боис эндиликда чегарадаги ноқулайликларга чек қўйиладиган бўлди. Хусусан, “Косонсой” чегара божхона постининг қайта фаолият бошлаши ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаши табиий.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ.

“Туркистон-пресс”.