2017-09-27 19:29:00

ИСТЕЪМОЛЧИГА СИФАТЛИ МАҲСУЛОТ КЕРАК

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг янада равнақ топиши учун қулай имтиёз ва имкониятлар, преференциялар яратиш мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Бугун мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг жадал ривожланиб бораётгани иқтисодиётимиз барқарорлиги ва халқимиз фаровонлиги ошишига хизмат қилмоқда. Хусусан, тадбиркорларимиз ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлари билан бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш баробарида, аҳоли бандлигига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Қувонарлиси, миллий маҳсулотларимиз «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» номи остида хорижга экспорт қилиниб, жаҳон бозорида ўз ўрнини эгалламоқда.

Албатта, бу ўринда тадбиркорлик субъектларининг қонуний асосларда фаолият юритиши мақсадга мувофиқ. Хусусан, маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда ва тайёрланаётган маҳсулотга норматив ҳужжатлар ва технологик йўриқномалар (регламентлар) бўлиши лозим. “Стандартлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига асосан, халқаро, давлатлараро стандартлар, Ўзбекистон Республикасининг давлат стандартлари, ташкилот стандартлари ва хорижий мамлакатларнинг миллий стандартлари норматив ҳужжатлар сирасига киради.

Норматив ҳужжатларсиз маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилишга йўл қўйилмайди. Истеъмолчиларга реализация қилинадиган маҳсулотга доир стандартлар ва уларга киритилган ўзгартишлар “Ўзстандарт” агентлиги идораларида ҳақ олмасдан давлат рўйхатидан ўтказилади. Тадбиркорларга ишлаб чиқараётган маҳсулотларига меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқариш, метрология ва маҳсулотларни сертификатлаштириш соҳаларига оид масалалар юзасидан бошкарма мутахассислари тегишли маслаҳатларни бериб борадилар.    

“Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига асосан, давлат метрологик текшируви ва назорати тадбиқ этиладиган доиралар, яъни ушбу доирада қўлланиладиган ўлчаш воситалари қиёслашдан, метрологик аттестациядан ўтиши мажбурий ҳисобланади. Бунда:

моддий бойликларни ва энергетика ресурсларини ҳисобга олиш;

савдо-тижорат, божхона, почта ва солиқ операцияларини ўтказиш, телекоммуникация хизматларини кўрсатиш;

меҳнат хавфсизлигини ва транспорт ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш;

сертификатланадиган маҳсулотнинг хавфсизлиги ва сифатини аниқлаш;

ўлчов воситаларини давлат синовидан, текширувдан, калибрлашдан, таъмирлаш ва метрологик аттестациядан ўтказиш;

Ишлаб чиқариш корхоналарида технологик жараённи, маҳсулот сифатини, сарф этилаётган энергоресурслар электр, газ, сув, ёнилғи маҳсулотларини ҳисоблашда фойдаланилаётган ўлчаш восталари қиёслашдан ўтиши мажбурийлиги белгилаб қўйилган.

Савдо шоҳобчаларида истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китоб қилишда фойдаланилаётган тарозилар, тарози тошлари, мензуркалар, маҳсулотларни сақлаш шароитлари ҳарорат ва намликни назорат қилишда фойдаланилаётган ўлчаш воситалари қиёслашдан ўтиши мажбурийлиги белгилаб қўйилган.

“Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг асосий мақсади одамларнинг ҳаёти, соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ҳамда атроф-муҳит учун хавфли бўлган маҳсулотларни реализация қилинишини назоратини олиб боради ҳамда истеъмолчиларни тайёрловчининг (сотувчининг, ижрочининг) виждонсизлигидан ҳимоя қилишдан иборат.

Сертификатлаштириш – бу давлатнинг ажралмас ҳуқуқларидан бири бўлиб, асосан ички бозорни сифатсиз, истеъмол учун яроқсиз ва хавфли бўлган товарлардан ҳимоя қилиш, товар ишлаб чиқаришда муайян технологик талабларга риоя қилинишини назорат қилиш функциясини амалга ошириш усулларидан бири ҳисобланади. Сертификатлаш орқали давлат ўзининг “истеъмолчининг хавфсиз товар олиш ҳуқуқини амалга оширади”.

Ушбу Қонуннинг 12-моддасига асосан, мажбурий сертификатланиши лозим бўлган маҳсулотлар сертификатланмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиниши мумкин эмас. Сертификатланиши мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 28 апрелдаги 122-сонли Қарори билан тасдиқланган.

Қонуннинг 13-моддасига кўра, Мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотни сертификатлашга тақдим этилиши шарт. Маҳсулотларни «Ўзстандарт» агентлиги томонидан аккредитланган бир турдаги маҳсулотларни сертификатлаш органи томонидан сертификатланиб, мувофиқлик сертификати расмийлаштириб берилгандан сўнг реализация қилиниши мумкин. Ҳозирги кунда вилоятда маҳсулотларни сертификатлаштиришнинг тадбиркорларнинг аризасига кўра, асосан 2 хил турдаги схемалари бўйича амалга ошириб келинмоқда. Корхона томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот гуруҳига мувофиқлик сертификатини сертификатлаш тартибларининг 7-схемаси ва серияли ишлаб чиқаришга сертификатлашнинг 3-схемаси бўйича сертификатлаштириш амалга оширилмоқда. Еттинчи схема бўйича берилган мувофиқлик сертификати маҳсулотни яроқлилик муддатига, учинчи схема бўйича мувофиқлик сертификатини 3 йил муддатга берилади. Мувофиқлик сертификатини амал қилиш муддати ўтгандан сўнг маҳсулотни реализация қилиш мумкин эмас.

«Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига биноан давлат истеъмолчиларнинг товар (иш ва хизмат) сотиб олиш ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни кафолатлайди.

Мазкур Қонунга асосан, ишлаб чиқарувчи ўз корхонасини номини ва жойлашган манзилини, телефон, факс бўлса рақамлари ҳақида ўз ишлаб чиқарган маҳсулотларининг ёрлиғида кўрсатилган бўлиши лозим.

Товар ҳақидаги маълумотда қуйидагилар кўрсатилиши шарт:

– товар мажбурий талабларига мувофиқ келиши шарт бўлган норматив ҳужжатнинг номи;

– товарнинг асосий истеъмол хусусиятлари, шу жумладан ўзига хос хусусиятлари рўйхати;

– айрим турдаги товарнинг ишлаб чиқарилган санаси;

– ишлаб чиқарувчининг кафиллик мажбуриятлари;

– товардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳамда шартлари;

– сақлаш шароити ва утилизация қилиш усуллари;

– яроқлилик муддати;

– сертификатланиши шарт бўлган товарнинг сертификатланганлиги тўғрисида маълумот ва бошқа маълумотлар кўрсатилган бўлиши лозим (импорт орқали кириб келган товарларни ўзбек тилига таржима қилинганлиги).

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15-майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига биноан, тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган профилактика тадбирларида юқорида қайд этилган қонунларни айрим ишбилармонлар тўлиқ билмасликлари маълум бўлмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Наманган стандартлаштириш ва метрология бошқармасида тадбиркорлик субъектлари учун ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари “Очиқ эшиклар куни” ўтказиб келинмоқда. Ишбилармон ҳамюртларимиз ушбу тадбирга ташриф буюриб, ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилсалар, мутахассисларимиз томонидан керакли ҳуқуқий маслаҳатларни олган ҳолда иш юритсалар, қонун бузилишининг олдини олиб, ўз маблағларини тежаган бўлардилар.

Иброҳим НЕГМАТУЛЛАЕВ,

Наманган Стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бош мутахассиси.

“Туркистон-пресс”.