2017-09-27 19:39:00

НАМАНГАНДА ТУРИЗМ ҚАЧОН РИВОЖЛАНАДИ?

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилояти ҳудудий партия ташкилоти ва халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП депутатлик гуруҳи раҳбари Одилжон Маматкаримов, ЎзМТДП Наманган вилояти Кенгаши девони раҳбари Ғайратжон Тўйчибоев, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Наманган вилоятдаги ваколатли вакили Ҳошимжон Ғайбуллаев шу йил 12 июль куни парламент, сиёсий партиялар, маҳаллий Кенгашлар ва Экоҳаракат вакиллари билан ўтган видеоселектор йиғилишидан кейин, айниқса партияларга бўлган талаб ва эътибор тубдан ўзгарганини таъкидлашди.

Дарҳақиқат, Президентимизнинг видеоселектор йиғилишидаги маърузасида “Ҳар бир сиёсий партия ўз дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, назорат қиладиган вазирлик ва қўмиталарни аниқлаб олиши, улар билан тизимли ва доимий ишлаши” устувор вазифа этиб белгиланган эди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ушбу муҳим вазифа ижросини таъминлаш мақсадида республика Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси ҳамда Маданият вазирлиги билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаб, тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Шундан келиб чиққан ҳолда партия ҳудудий ташкилотлари ҳам мазкур вазирлик ва қўмиталарнинг ҳудудий бошқармалари билан бир қатор амалий саъй-ҳаракатларни бошладилар.

Йиғилишда Наманган вилояти ҳокимининг 2016 йил 16 февралдаги қарори билан тасдиқланган “2016-2017 йилларда Наманган вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури” ижросини ўрганиш ва мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар юзасидан соҳага дахлдор ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботини эшитилиб, атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбирда вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи ўринбосари Комилжон Сиддиқов, Марказий Банк вилоят Бош бошқармаси бош мутахассиси Муҳаммадали Исомиддинов, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бўлим бошлиғи Ойбек Абдухалилов, “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” ОАЖ директорининг техник масалалар бўйича ўринбосари Тўлқинбой Муллажанов дастур ижроси юзасидан ахборот бердилар.

Қайд этилганидек, дастурда вилоятимизда ички туризмни ривожлантириш, сайёҳларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш, янги туристик хизматлар ва йўналишларни ишлаб чиқиш, соҳага ахборот технологияларини кенг жорий этиш, сайёҳларга замонавий ва сифатли банк хизматларини кўрсатиш, туризм йўналишида кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, янги меҳмонхоналарни қуриш каби чора-тадбирларни бажариш учун салкам 20 миллиард сўм маблағ ажратилган. Эътироф этиш жоизки, мазкур дастурда кўзда тутилган 22 та туризм объектида амалга оширилган ишлар ҳолатини яқиндан ўрганиш юзасидан халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоларидан масъуллар биркитилди.

Ўзининг икки минг йиллик тарихига эга бўлган Наманган замини туризм ўчоқлари, тарихий ёдгорликлари, моддий маданий мерос объектларига бой бўлган диёр сифатида ном қозонган. Косонсойдаги Муғтепа шаҳристони, Наманган шаҳридаги Мулла Қирғиз мадрасаси, Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қароний, Поп туманидаги Мунчоқтепа, Тўрақўрғондаги Ахсикент, Уйчи туманидаги Даҳякота каби муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар ана шулар жумласидан.

Бугунги кунда Наманган вилоятида 282 та маданий мерос обеъктлари рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ягона реестрини тузиш учун маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси томонидан қайта хатловдан ўтказиш ҳамда уларнинг паспортини яратиш, рус ва инглиз тилларида маълумотлар базасини яратиш юзасидан қилинган ишлар ниҳоясига етказилмаган.

Дарвоқе, айни кунларда вилоят кўп тармоқли тиббиёт, кардиология, эндокринология, онкология, перинатал марказлари томонидан вилоятимизда тиббий туризмни ривожлантиришга қаратилган таклифлар, шунингдек тиббий муассасаларнинг моддий техника базаси, ходимлар салоҳияти ва мутахассисликлари бўйича малакавий таснифлари юзасидан маълумотлар йиғилмоқда. Бу борадаги сайъ-ҳаракатларни сифат жиҳатидан юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида меҳмонхоналарда тиббиёт хоналари ташкил этиш, патронаж ҳамширалари томонидан навбатчиликларни йўлга қўйиш, шу орқали туристлар учун қулайликларни юзага келтириш лозимлиги, мазкур масалани йил якунига қадар ижобий ҳал этиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Поп, Чуст, Косонсой, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида мавжуд электр қурилмаларини талаб даражасига келтириш ва янгилаш бўйича муайян ишлар олиб борилди. Жумладан, шу ҳудудлардаги 87 дона трансформатор пункти мукаммал таъмирдан чиқарилди. 13 дона трансформатор пунктлари реконстукция қилинди. 12 дона кичик қувватли трансформаторлар катта қувватлисига алмаштирилди. Бу борадаги ишларга 1 миллиард 505 миллион 200 минг сўм маблағ сарфланганини айтиш даркор.

Туризм соҳасини ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳаларни молиялаштириш борасида тижорат банклари томонидан эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Масалан, Учқўрғон туманида жойлашган “Ниҳол” саломатлик сиҳатгоҳи”ни 100 ўринга кенгайтириш учун “Ипотека банк” томонидан 400 миллион сўм банк кредити ажратилди. Бунинг натижасида санаторий тўлиқ таъмирдан чиқарилди.

Наманган шаҳридаги “Диамонд Азия Сервис” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “Истиқлол” меҳмонхонасини кенгайтириш ва қўшимча сервис хизматларини ташкил этиш мақсадида “Микрокредитбанк” 750 миллион сўм кредит маблағини йўналтирди.

Мингбулоқ туманидаги Гуртепа қишлоғида “Улуғбек Умарбек Исломбек” хусусий корхонаси томонидан 60 ўринли шифобахш “Шўрсув” маскани қурилди. Бу саъй-ҳаракатларда “Микрокредитбанк”нинг 350 миллион сўм кредит маблағи муҳим омил бўлди.

Поп туманини Қамчиқ довони билан боғлайдиган тоғли ҳудуд - Чодак қишлоғида “Lorden Biznes” масъулияти чекланган жамияти биносини 80 ўринли меҳмонхонага мослаштириш бўйича лойиҳани амалга ошириш учун “Миллий банк” 700 миллион сўм миқдоридаги молиявий маблағ ажратди.

Ҳозирги кунга қадар дастурда назарда тутилган истиқболли лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 3,7 миллиард сўм кредит маблағлари йўналтирилди. Шу билан бирга айрим муаммолар ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Туристларга қўшимча қулайликлар яратиш ниятида “Наманган халқаро аэропорти”да ҳамда “Дўстлик” теннис корти мажмуаси биносида “Миллий банк” ва “Саноатқурилишбанк” Наманган вилояти филиаллари томонидан ташкил этилган валюта айирбошлаш шоҳобчалари иш фаолияти давомийлиги ва унинг иш самарадорлигини таъминлаш зарур.

Айтиш мумкинки, маданият ва туризм фаолияти бир-бири билан узвий ва чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, икки соҳанинг ҳам ривожида ўзаро ҳамжиҳатликни қўлдан бой бермай, амалий ишларни олиб бориш айни муддао. Бу борада Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси алоҳида ишчанлик ва ташаббус кўрсатиши, депутатлик назоратидан самарали фойдаланиши муҳим аҳамият касб этади.

Айни шу мақсадда келгусида халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларида тегишли ҳоким ўринбосарлари ҳамда Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Наманган вилоятидаги ваколатли вакилининг “Жойларда туризм соҳаси ва сайёҳлик инфатузилмасини ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитувлари ташкил этилади.

Кенгайтирилган йиғилишда таклиф этилган мансабдор шахслар орасида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлими бошлиғининг ҳисоботларини ҳам эшишиш кўзда тутилган эди. Аммо йиғилишга юқоридаги икки мутасадди ташкилотдан раҳбар ёки масъул бириктирилган вакил келмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Айрим мутасадди ташкилотлар сиёсий партиялар ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатларнинг мурожаатларига панжа орасидан қарамасдан, аксинча масъулият билан ёндашишлари лозим. Зеро, сиёсий партиялар ва депутатлар бевосита ўз иш фаолиятини халқимиз манфаатлари, аҳоли мурожаатларини кўзлаган ҳолда амалга оширишини асло унутмаслиги керак.

Оқилхон ДАДАБОЕВ.

“Туркистон-пресс”.