2017-09-27 19:53:00

ТЕКШИРУВ ЎТКАЗИШ УЧУН ТАШАББУС КЕРАКМИ?

Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларининг муҳокамаси порталида тадбиркорларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш тўғрисидаги қонунчиликка тузатишлар лойиҳалари эълон қилинди.

Бугунги кунда молиявий ва солиқ ҳисоботлари ва солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатларни ўрганиш ва таҳлил этиш асосида ўтказилган камерал назорат натижалари бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланганда солиқ органлари тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятининг текширилишида ташаббус кўрсатишлари мумкин. Мазкур тартибга аниқлаштириш таклиф этилади.

Лойиҳага биноан текширув билан қамраб олинадиган даврда ўтказилган камерал назорат якунларига кўра икки ва ундан ортиқ солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланган, шунингдек, қуйидаги асослардан бири мавжуд бўлган тақдирда тадбиркорлик субъектини текширишда ташаббус кўрсатиш мумкин:

• текширилаётган давр мобайнида солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўламаганлик учун пеня ҳисоблаб ёзиш;

• солиқ текшируви билан қамраб олинган даврда солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш ҳуқуқини берувчи ходимларнинг сони бўйича энг юқори кўрсаткичларга бир неча бор яқинлашиш;

• солиқ текшируви билан қамраб олинадиган бир нечта солиқ даврларининг зарар билан якунланиши;

• банк ҳисобварақлари бўйича операциялар вақтинчалик тўхтатиб турилганидан кейин (5 банк кунигача бўлган муддатда) кирим ҳужжатларини расмийлаштирмаган ҳолда товар (иш, хизмат)ларни сотган тадбиркорлик субьектлари томонидан аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг бартараф этилмаслиги ёки мазкур солиққа оид ҳуқуқбузарликларни қайта содир этиш;

• солиқ текшируви билан қамраб олинган давр ичида тадбиркорлик субъекти жойлашган жойининг бир неча маротаба ўзгартирилиши.

Бундан ташқари, уларга нисбатан солиқ мониторинги режими амал қилаётган тадбиркорлик субъектлари текширишлар режа-жадвалига киритилмайди.

Эслатиб ўтамиз, солиқ назоратининг замонавий шакли бўлган солиқ мониторингининг жорий қилиниши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлда эълон қилинган “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида кўзда тутилган.

Қуйидагилар мазкур қоидадан истисно ҳисобланади:

• солиқ мониторинги қўлланилган давр учун аввал тақдим этилган солиқ ҳисоботларига нисбатан солиқлар ва мажбурий тўловлар суммаси камайтирилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилиши;

• юқори турувчи солиқ органи томонидан ҳудудий солиқ органлари иши устидан назорат қилиниши чоғида солиқ мониторинги қўлланилган тадбиркорлик субъекти фаолиятида ҳуқуқбузарликлар аниқланганда;

• солиқ мониторинги амал қилишининг муддатидан олдин тўхтатилиши;

• солиқ органининг солиқ мониторинги чоғида аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича асосланган талабини солиқ тўловчи томонидан бажарилмаслиги.

Қуйидаги қонун ҳужжатларига: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, “Хўжалик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги ва “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, шунингдек, айрим қонуности ҳужжатларига тегишли тузатишлар киритилмоқда.

Жобирхон МАМАДАЛИЕВ,

Учқўрғон тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи.

“Туркистон-пресс”