2017-09-27 20:05:00

ЗАМОН БИЛАН ҲАМНАФАСЛИК

Фарғона шаҳрида «Huawei Tech Investment Tashkent» компанияси, жамоатчилик билан ишлашга ихтисослашган «Maslov PR Tashkent» агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ҳамкорлигида водий журналистлари учун семинар-тренинг ташкил этилди. Унда Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларидан ташриф буюрган оммавий ахборот воситаларивакиллари иштирок этишди.

Семинардан кўзланган асосий мақсад соат сайин ривожланиб бораётган технология, РR ва коммуникация соҳаларидаги янгиликлар ҳақида журналистларни хабардор этиш, корпорация ва бизнес тизимлари ҳамда давлат муассасалари матбуот хизматлари билан ҳамкорликни қай йўсинда ўрнатиш лозимлиги ва «Huawei» компаниясининг Ўзбекистонда амалга ошираётган ижтимоий лойиҳалари тўғрисида маълумот беришдан иборат бўлди.

– Мамлакатимизда салкам ўн йилдан бери фаолият олиб бораётган компаниямиз деярли барча оммавий ахборот воситаларибилан ҳамкорликда ишлайди. Журналистларга эскича услубда, яъни фақатгина пресс-релизлар ва умумий маълумотлардан фойдаланибгина қолмай, ривожланган мамлакатлар тажрибасидан ўрганишни тавсия этамиз, –дейди «Maslov PR Tashkent» агентлиги директори Барно Назарзода. –Тадбир ташкилотчилари томонидан берилган пресс-релиз ёки ахборот индивидуал ишланиб, махсус саволлар, далил ва таҳлилий маълумотлар билан бойитилган материаллар ўқувчи учун қизиқарли бўлади. Шунинг учун ҳар бир журналистга мавзуга ва воқеликка ижодий ёндошиш лозимлигини тавсия қилган бўлардим.

Семинар-тренинг доирасида журналистларга ривожланган мамлакатлар тажрибасидан фойдаланибмақоланинг маълумотга бой ҳамда ўқишли бўлиши учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги, матбуот хизматлари билан қандай алоқа ўрнатиб, газетхонлар учун муҳим бўлган хабарлар тайёрлаш услублари ҳақида суҳбатлашилди.

Тренинг жараёнида ташкилотчилар иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоблар беришди. Ўз навбатида,семинарни мазмунли ўтказиш учун қизиқарли саҳна кўринишлари ташкил этилди. Фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этган журналистларга компания томонидан қимматбаҳо совғалар тақдим қилинди.

“Туркистон-пресс”.