2017-09-28 18:22:00

ҲАМКОРЛИК МУСТАҲКАМЛАНАДИ

Бугун “Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компанияси биносида компания ва Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида “Аҳолининг суғурта маданиятини оширишда журналистларнинг ўрни” мавзуида семинар ўтказилди. Унда “Ўзбекинвест” компанияси мутасадди-ходимлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Компания бош директори ўринбосари А. Асатуллаев, Ўзбекистон мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи Л. Сувонов ва бошқалар бугунги анжумандан кўзланган мақсад компания фаолияти билан журналистларни яқиндан таништириш, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат эканлигини таъкидлашди.

Маълумки, мамлакатимизда суғурта фаолияти, унинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш юзасидан бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган. Бу, ўз навбатида, суғурта бозорини жаҳон андазалари даражасида ривожлантириш, хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳолига кафолатланган суғурта ҳимоясини тақдим этиш ва суғурта хизматларига нисбатан ишончнинг мустаҳкамланишида муҳим омил бўлмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган 30 га яқин суғурта компанияси томонидан жисмоний ва юридик шахсларга 100 дан ортиқ хизматлар кўрсатилмоқда

Суғурта соҳаси ва унинг моҳияти тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш ҳамда аҳолининг суғурта маданиятини оширишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли катта. Шундан келиб чиқиб, амалий семинарда журналистларга суғуртанинг асослари, унинг афзалликлари, суғурта шартномасининг тузилишидан суғурта қопламаси тўловигача бўлган суғурта механизми ҳақида мутахассислар томонидан маълумот берилди.

Тадбирда шунингдек, журналистларнинг суғурта соҳасига оид билимларини ошириш орқали оммавий ахборот воситалари ёрдамида аҳолининг суғурта тўғрисидаги тушунчасини ва ишончини мустаҳкамлашда амалий кўмаклашиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Семинар якунида Ўзбекинвест” экспорт-импорт миллий суғурта компаниясининг масъул ходимлари иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар беришди. Суғуртачилар ва журналистлар ўзаро ҳамкорликни янги босқичларда давом эттиришга келишиб олишди.

Аҳрор Эрназаров.

“Туркистон-пресс”.