2017-09-29 17:45:00

ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТЛАР ДАВОМ ЭТМОҚДА

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан жойларда мутасадди ташкилот вакиллари томонидан сайёр қабул ва очиқ мулоқотлар изчил ўтказиб келинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда партиянинг Жиззах вилоят кенгаши томонидан Зарбдор туманида сайёр қабул учрашуви ташкил этилди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг масъул ходимлари,  партиянинг вилоят ва Зарбдор туман кенгаши масъул ходимлари, тегишли мутасадди ташкилот раҳбарлари, депутатлар, кенг аҳоли қатлами ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сайёр қабулда аҳолидан тушган мурожаат ва муаммоларни умумлаштирган ҳолда ўз вакиллари орқали тегишли идора ва ташкилотларга депутатлик сўровлари юбориш ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан мутасадди ташкилотлар устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, зарур ҳолларда муаммоларни ҳал қилиш бўйича ишлаб чиқилган таклифларни партиянинг парламентдаги фракциясига юбориш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Учрашувда 22 та мавжуд муаммо кўтарилиб, уларнинг 8 таси ўз жойида ҳал қилинди.

Шаҳноза Алимбаева,

“Туркистон-пресс”