2017-09-29 20:31:00

БИР КИЛОГРАММ БАРГДАН МИЛЛИОН СЎМ ФОЙДА

Андижон вилояти Избоскан туманининг Жонобод қишлоғида истиқомат қилувчи “Оллоберди асали” фермер хўжалиги раҳбари Расулжон Қутибоев айни вақтда стевия номли шифобахш ўсимликдан яхна чой тайёрлаш лойиҳаси бўйича иш олиб бормоқда.

Стевия, яъни асалли япроқ барги шакардан 30 баробар ширин. Ундан тайёрланган ичимлик парҳез ҳисобланиб, мутлақо безарарлиги исботланган. Қандли диабет, семириш, бавосил, қабзият, иммунитет танқислиги, уйқусизлик ва асабийлашиш, бош оғриғи, остерехандроз, гангрена, оёқ шишиши, совуқ олиш, қон босимининг кўтарилиши ва тушиши, сочнинг оқариши ва тўкилиши, бепуштлик, таносил аъзолари, буйрак, ошқозон-ичак йўллари, шамоллаш, турли геноз-қон, оғиз бўшлиғи ва аллергик касалликлар ҳамда бошқа бир қатор хасталикларда шифобахш таъсирга эгалиги аниқланган.

Ҳозирда Расулжон Қутибоевнинг фермерхўжалиги даласида 4.000 туп стевия парваришланмоқда. Агар бир гектар майдонга 75 минг туп кўчат экилса, ундан қуруқ ҳолда 500 килограмм барг йиғиб олиш мумкин. 2 грамм қуритилган баргидан 0,5 литр ҳажмидаги 2 та идишчада яхна чой тайёрлаш имконияти мавжуд. Яхна чойнинг табиийлиги сақланган ҳолда унга қўшимча таъм қўшилса, мазаси “Кока-кола”, “Пепси-кола”дан қолишмайдиган ичимлик бўлади.

Янгиликка интилувчан фермернинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, стевия ўсимлигининг бир килограмм қуритилган барги миллион сўм фойда келтириши мумкин экан.

Ўрол Ҳамидуллаев,

“Туркистон-пресс”.