2017-09-30 08:21:00

ТАЪЛИМДА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СИФАТИ ОШАДИ

Мамлакатимиз таълим соҳасидаги ўзгариш ва янгиланишлар ёшларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш, навқирон авлод вакилларининг чуқур билим олишларини таъминлашга хизмат қилаётир. Жумладан, жорий йил учун олий таълим муассасаларига ажратилган квоталарни кескин ошириш, тест синовларида 68 баллдан юқори балл тўплаган абитуриентларга талаба бўлиш имкониятини яратиш, педагогик йўналишдаги олий ўқув юртларида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш, кечки таълим олиш шаклини йўлга қўйишга қаратилган 10 га яқин Фармон ва Қарорлар қабул қилинди.

Президентимизнинг яқинда қабул қилинган Қарори билан мактабгача таълим соҳасида ҳам янги саҳифа очилди. Болаларни мактабгача таълим муассасаларига тўла қамраб олиш мақсадида хусусий-шериклик асосида мактабгача таълим муассасаларининг ташкил этилиши халқимиз томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда. “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор таълим соҳасида рақобат муҳитини шакллантириш, фарзандларимизнинг сифатли таълим олишини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур муҳим ҳужжатда юридик шахслар томонидан мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар, нодавлат таълим хизматлари кўрсатишни лицензия асосида амалга ошириш тартиби 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб жорий этилиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, нодавлат таълим муассасаларида таълим жараёнини энг замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда фанларни чуқурлаштириб ўргатиш, таълим муассасасини малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, чет эллик ўқитувчи ва мутахассисларни жалб қилишда ҳам қатор имтиёзлар белгиланган.

Яна бир эътиборли жиҳат, нодавлат таълим муассасасидаги ўқувчилар умумий сонининг 10 фоиздан кам бўлмаган миқдорида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини бепул ўқишга қабул қилиш белгиланган. Бу халқимизга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг яна бир намунасидир.

Қарор билан танишиб чиққан ҳар бир киши фарзандларимизнинг илм-маърифатли, юксак интеллектуал салоҳиятга эга йигит-қизлар бўлиб етишишлари учун барча шароитлар яратилаётганига яна бир карра амин бўлади. Табиийки, улар мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ўзгариш ва янгиланишларни қўллаб-қувватлайди, юртнинг эртаси учун ўзини дахлдор сезади. Не бахтки, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да қабул қилинаётган ҳар бир Фармон ва Қарор халқимизнинг ҳоҳиш-истаклари ва орзу-ўйлари билан уйғун ва ҳамоҳанг.

Одинахон ЖАМОЛДИНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.