2017-09-29 17:17:00

УМУМХАЛҚ БАЙРАМИГА БАҒИШЛАНДИ

Бугун, 29 сентябрь куни пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан “Таълим ва тарбия уйғунлиги – баркамол авлодни шакллантиришнинг муҳим омили” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов, мутасадди бошқарма ва бўлим бошлиқлари, турли давлат мукофотлари билан тақдирланган устоз ва мураббийлар, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2017” танлови ғолиблари, ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Улуғбек Иноятов ва бошқалар мамлакатимизда устоз ва мураббийларни ҳар томонлама рағбатлантириш, улар меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш, таълим мазмунининг сифат ва самарадорлигини кўтариш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот беришди.

Бугун республикамиздаги 9.680 та умумтаълим мактабида жами 400 минг нафардан зиёд педагог кадрлар фаолият кўрсатмоқда. Тизимдаги 4.893 та мактабгача таълим муассасасида 56.825 нафар, 211 та “Баркамол авлод” болалар марказида 6.108 нафар устоз ва мураббийлар фаолият кўрсатмоқда.

Халқ таълими вазирлиги ўқитувчи ва педагоглар орасида энг илғор тажрибаларни аниқлаш ва уларни оммалаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келади. “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши директори”, “Йилнинг энг яхши психологи”, “Йилнинг энг яхши методисти”, “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси”, “Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси” ва бошқа кўрик-танловлар орқали илғор, ташаббускор, ижодкор педагоглар тажрибаси оммалаштирилмоқда.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.

“Туркистон-пресс”.