2017-09-30 10:08:00

ЎЗБЕКИСТОН ВА АМЕРИКА: ҲАМКОРЛИКНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18-20 сентябрь кунлари Америка Қўшма Штатларига ташрифи, БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқига халқаро миқёсда катта қизиқиш билдирилиб, мамлакатимиз ва хорижий экспертлар томонидан юксак баҳоланмоқда.

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида мазкур тарихий ташриф мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди. Хусусан, 20 сентябрь куни Нью-Йоркда бўлиб ўтган Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми тафсилотлари муҳокама этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров, ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев, ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматов, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Азим Аҳмадхўжаев ва бошқалар Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форумида эришилган натижалар, уларнинг аҳамияти, кутилаётган иқтисодий самарадорлик ҳақида вазирлик ва идоралар, ишбилармон доира вакиллари, журналистларга маълумот берди.

Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, иқтисодий ҳаётидаги ислоҳотлар халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотмоқда. Айниқса, қарийб бир йил қамровида иқтисодий тармоқда амалга оширилган кенг миқёсли чора-тадбирларга халқаро таҳлилчилар ижобий баҳо бермоқда. Жумладан, мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада эркинлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субектларини қўллаб-қувватлаш, инвесторларга қўшимча қулайлик, имтиёзлар яратиш, валюта сиёсатини либераллаштириш каби қатор иқтисодий ислоҳотлар тараққиёт мезонларига тўла мос келиши таъкидланмоқда.

Ўзбекистон – Америка бизнес-форумида бу жиҳатлар ўз самарасини кўрсатди. Халқаро пресс-клуб сессиясида спикерлар фикрича, океан ортида Ўзбекистоннинг серқуёш ва саховатли заминида етиштирилган, сархил ёки қайта ишланган, қуритилган меваларга, миллий ҳунармандлик ва текстил маҳсулотларига талаб юқори.

Бу каби талаб ва таклифларни самарали йўналтириш, икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари манфаатлари ҳамда қизиқишларини муқобиллаштириб бориш, юртимиз тадбиркорлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар экспорт ҳажмини ошириш мақсадида Ўзбекистон – Америка қўшма савдо уйи очилгани ҳам муҳим аҳамиятли воқеа бўлди. Эндиликда Нью-Йорк марказида иш бошлаган мазкур савдо уйи ўзбекистонлик тадбиркорларнинг маҳсулотларини Америка бозорига олиб чиқишда асосий воситачи вазифасини бажаради.

Айтиш жоизки, АҚШнинг 100 дан ортиқ етакчи компаниялари раҳбарлари, йирик ишбилармон доира вакиллари иштирок этган тадбирда умумий қиймати 2,6 миллард долларга тенг бўлган истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг таъкидлашича, мамлакатимиз делегациясининг АҚШга ташрифидан сўнг қатор ривожланган давлатлардан икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик юзасидан таклифлар келиб тушмоқда.

Халқаро пресс-клуб сессиясида спикерлар журналистларни ва тадбиркорларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Афсонавий Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Шарқ тароналари” ХИ Халқаро мусиқа фестивали ва “Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё Ренессанси” мавзусидаги халқаро илмий конференция дунё ҳамжамиятида ўзининг ижобий акс-садосини берди.

Жумладан, Туркиянинг етакчи оммавий ахборот воситалари – «Анадолу» ахборот агентлиги, ТРТ Давлат телерадиокомпанияси, “Сон дакика”, “Хаберлер”, “Анталяжанс” сингари янгиликлар хизматлари, “Алтин мирас” маданий уюшмаси, “Мемлекет”, “Миллиет” газеталари ва бошқа медиа-ресурслар саҳифаларида бу тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларнинг ўтказилиши жараёнлари кенг ёритилгани ҳолда мазкур тадбирлар халқаро аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди. Ушбу мавзуларга бағишланган хабар-мақолаларнинг барчасида Туркиянинг “Мешк Энсембле” ижодий гуруҳи “Шарқ тароналари” фестивалининг  учинчи даражали дипломига сазовор бўлгани қайд этилади.

Бўлиб ўтган халқаро  илмий конференция ҳамда маданиятлар ва цивилизацияларнинг ноёб, маҳобатли мусиқа байрами халқларни бир-бирларига яқинлаштиришда катта аҳамият касб этиши турк оммавий ахборот воситалари томонидан ҳам эътироф этилди. Хусусан, ТРТ телерадиокомпаниясининг журналисти Зейнап Четин ушбу мусиқа анжумани тинчликни тарғиб этиш, юксак маънавият, том маънодаги инсоний фазилатларни улуғлаш, санъат воситасида халқаро миқёсда тинчлик ва барқарорликни, бир-бирини тўғри тушуниш ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш ишига хизмат қилишини қайд этди.

Туркия оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган хабар, мақола ҳамда репортажларда қадим ва навқирон Самарқандда ўтказилган мазкур тадбирларда бевосита иштирок этган туркиялик олимларнинг ҳам бу ҳақда билдирган фикр-мулоҳазалари ўз ифодасини топган.

Жумладан, Хажеттепе университетининг Археология ва санъат тарихи кафедраси профессори, доктор Серпил Багджи Самарқанднинг асрлар давомида цивилизациялар чорраҳаси бўлиб келгани ва яна ана шундай муҳим чорраҳага айланаётганини қайд этди. Унинг фикр билдиришича, Ўзбекистон шаҳарлари Марказий Осиё Ренессансида мислсиз ўрин тутган ва улар бундан кейин ҳам минтақанинг маданий ривожланишида етакчи, маърифат, тинчлик ва эзгуликнинг пойтахти бўлиб қолади, деб айтиш учун бугунги кунда барча асослар мавжуд. Олимнинг таъкидлашича, илм-фан тараққиёти, халқнинг бебаҳо маънавий-маданий меросини авайлаб асраш ва янада ривожлантириш учун барча шароитларни муҳайё этишга замонавий Ўзбекистон раҳбарияти томонидан алоҳида эътибор қаратилаётгани бу фикрни тасдиқлайди.

“Туркистон-пресс”.