2017-09-30 19:19:00

ҲУДУДЛАР РИВОЖИДА ПАРЛАМЕНТ ВА ДЕПУТАТЛИК НАЗОРАТИНИНГ ЎРНИ

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги қўшма йиғилишипарламент ҳамда депутатлик назоратини самарали йўлга қўйиш масалаларига бағишланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шу йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлган видеоселектор йиғилишида ҳар бир партия ўз дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб тегишли соҳаларда фаолият юритаётган вазирлик ва қўмиталар фаолияти устидан парламент ҳамда депутатлик назоратини йўлга қўйиши лозимлиги таъкидланган эди. Хусусан, O‘zLiDeP Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан бу борада тизимли ва доимий ишларни йўлга қўйиши алоҳида қайд этиб ўтилган эди.

Шундан келиб чиқиб, йиғилиш иштирокчилари даставвал Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси томонидан режалаштирилаётган парламент эшитувлари мавзуларини атрофлича муҳокама қилишди. Хусусан, Иқтисодиёт вазирлиги томонидан худудларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янги сифат даражасига олиб чиқиш, Инвестиция бўйича давлат қўмитаси томонидан хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусидаги масалаларни мамлакат парламенти қуйи палатаси муҳокамасига киритиш масалалари кўриб чиқилди. Молия вазирлиги томонидан маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашга йўналтирилган бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги таъкидланди.

Мажлисда ҳудудлар кесимида партия депутатлик гуруҳлари томонидан амалга ошириладиган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг муҳим аҳамиятидан келиб чиқиб, тегишли халқ депутатлари вилоят кенгашларида эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкиллаштириш борасида мамлакатмиз раҳбарининг тегишли Фармон ва Қарорлари ижросининг бориши, 57 туман кенгашларида кичик саноат зоналари, 9 туманда эса фармсаноат ҳудудларини ташкил этиш борасидаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш масалалари O‘zLiDePнинг муҳокама этилаётган дастури лойиҳасидан ўрин олганидиққатга сазовордир.

Бундан ташқари, 58 та туман ва шаҳар кенгашлар сессияларида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилиши ҳолатини ўрганиш масалалари кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Маълумки, бир қатор вилоятлар, туман ва шаҳарларни комплекс ривжлантириш бўйича алоҳида дастурлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг сўзсиз бажарилиши тегишли ҳудудлар тараққиётида алоҳида аҳамият касб этади. Шуларни инобатга олган ҳолда мазкур дастурларнинг ижроси O‘zLiDeP депутатлик гуруҳлари томонидан назоратга олинадиган бўлди.

Дастурдан шунингдек ҳудудларга хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш масалалари ҳам ўрин олган.

Дастурда алоҳида эътибор қаратилган йўналишлардан яна бири Молия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан маҳаллий бюджетларнинг кафолатланган даромад базасини кенгайтириш, айрим вилоят ва туманларни субвенциядан чиқариш борасида амалга оширилаётган чораларни ўрганиш билан боғлиқ.

Мажлис иштирокчилари томонидан ушбу масалаларнинг барчаси арофлича муҳокама қилинди, белгиланган вазифаларни бажаришга барча имкониятларни сафарбар этиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Мажлис иштирокчилари томонидан парламент ва депутатлик назоратининг бу шаклда, яъни Президентимиз берган кўрсатмалари асосида йўлга қўйилиши, партия ва депутатлик корпуси фаолиятини аниқ мақсадларга йўналтириши, натижадорликка эришиш, аниқ амалий натижаларга йўналтирган ҳолда марказда ва жойларда амалга оширилаётган ислоҳотларда реал ўрнини топишда хизмат қилиши алоҳида таъкиданди.

Ўрол Ҳамидуллаев,

“Туркистон-пресс”.